ҚАТОР ИМКОНИЯТЛАРИ МАВЖУД БЎЛГАН ЯНГИ МАЪМУРИЙ БИНОЛАР ФОЙДАЛАНИШГА ТОПШИРИЛДИ

Миллий гвардия Қўриқлаш хизматида амалга оширилаётган туб ислоҳотлар натижасида хизматнинг салоҳияти ва техник имкониятлари янада кенгайтирилмоқда. Бугунги кунда мазкур хизмат республикада аҳоли ва мулкдорларга давлат миқёсида қўриқлаш хизматларини кўрсатувчи ягона ташкилот саналиб, 31 мингдан ортиқ объект ва 13 мингдан ортиқ хонадонларни ишончли қўриқлаб келмоқда.

Бўлинмалар қўриғидаги мол-мулк ва объектлар сонининг кун сайин ошиб бораётгани хизматнинг мулкдорлар ишончини оқлаб, ходимларнинг ўз вазифаларига садоқат билан ёндашаётганлигидан далолат беради. Хусусан, кейинги вақтларда қўриқдаги бирорта ҳам объект ва хонадонда ўғрилик жиноятлари содир этилишига йўл қўйилмади, 50 дан ортиқ жиноий тажовузнинг олди олинди, “Ташвиш” тугмаси бўйича чақирувлар асосида 18 та жиноят ва 549 та ҳуқуқбузарлик бартараф этилди.

Фуқаролар томонидан билдирилган ишончни оқлаш ҳамда аҳоли ва мулкдорларга кўрсатилаётган хизматлар сифатини янада яхшилаш мақсадида Ватанимиз давлат мустақиллигининг 29 йиллиги арафасида пойтахтимизнинг Сергели ва Бектемир туманларида жойлашган Қўриқлаш бўлинмаларининг янги маъмурий бинолари ҳамда Тошкент шаҳар Қўриқлаш бошқармаси бўлинмаларига 30 та янги “NEXIA-3” русумли хизмат автомашиналари тантанали равишда фойдаланишга топширилди.

Ушбу маросимда Миллий гвардия қўмондони, генерал-майор Рустам Джураев, Сергели ва Бектемир туманлари ҳокимликлари ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар шунингдек, бир қатор давлат ва жамоат ташкилот вакиллари иштирок этдилар.

Мазкур маъмурий биноларда ходимлар учун яратилган шарт-шароит, ўқув-моддий база, онлайн машғулотлар ўтказиш учун махсус техникалар билан жиҳозланган ўқув хоналари ходимларнинг жанговар, маънавий-маърифий, махсус тайёргарлик бўйича билим ва кўникмаларини янада оширишга ҳамда хизмат вазифаларини аъло даражада бажаришларига имкон яратиши шубҳасиздир.

Тезкор ҳаракатланиш гуруҳлари ва навбатчилик хизмати замонавий техник воситалари билан жихозланганлиги объектларни куну-тун ишончли қўриқланишини таъминлашга хизмат қилади.

Бундан ташқари, ходимлар саломатлигини ҳимоя қилиш ва руҳий ҳолатини доимий назорат қилиб бориш мақсадида, бўлинмада психолог ва тиббиёт махсус хоналари хизмат кўрсатади.

Шунингдек, тадбир давомида Мустақиллигимизнинг йигирма тўққиз йиллиги байрами муносабати билан мустақил Ватанимиз тинчлиги йўлида ўзининг фидокорона хизматлари билан муносиб ҳисса қўшган Қўриқлаш хизматининг бир гуруҳ ходимларига Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясининг III даражали "Намунали хизматлари учун" кўкрак нишони ва Миллий гвардиянинг фахрий ёрлиғи билан рағбатлантириш тўғрисидаги буйруқ ўқиб эшиттирилди.

Шу билан бирга, хизмат чоғида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларни олдини олишда чинакам жасорат кўрсатган 5 нафар ходимга Миллий гвардия қўмондони томонидан муддатидан олдин махсус унвонлар тантанали равишда топширилди.

Кўтаринки руҳда ўтган тадбир якунида қўриқлаш хизматининг асосий мақсади – халқимиз ва давлатимизнинг моддий бойликларини ишончли ҳимоясини таъминлашда барча ходимларга муваффақиятлар тилаб, бу йўлда бор куч-имкониятлар сафарбар этилишига ишонч билдирилди.

 

 

Савол-жавоб

Сайт ҳақида фикрингиз

Натижаларни кўрсатиш

Ижтимоий тармоқларга юклаш:

Ўзбекистон Республикаси Миллий Гвардияси

МИЛЛАТ МАНФААТЛАРИ ҲИМОЯСИДА