БАЙРАМОНА ТУҲФА

Бугун мамлакатимиз бўйлаб мустақиллигимизнинг 29 йиллик шодиёналари кенг нишонланмоқда. Қашқадарё вилоятининг Қарши шаҳрида Миллий гвардия Қўриқлаш бошқармаси учун қуриб битказилган тўрт қаватли маъмурий бинонинг топширилиши соха ходимлари учун ҳақиқий байрам туҳфаси бўлди. Мазкур иншоотнинг тантанали очилиш маросимида Миллий гвардия қўмондони Р.Джураев, Қашқадарё вилоят ҳокимлиги, ҳарбий округ қўмондонлиги, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамда сектор раҳбарлари, давлат ва жамоат ташкилот вакиллари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Сўз олганлар тадбир иштирокчиларини энг улуғ ва энг азиз байрам билан самимий муборакбод этиб, Миллий гвардия Қўриқлаш хизмати ходимларининг мустақиллигимизни мустаҳкамлаш, тинчлигимизни асраш йўлида қўшаётган муносиб ҳиссаларини алоҳида эътироф этишди.

Шундан сўнг, Ватанимиз тинчлиги йўлида фидокорона хизматлари билан жонкуярлик кўрсатаётган, сафдошларига эса ўрнак бўлаётган Қўриқлаш хизматининг бир гуруҳ ходимлари Миллий гвардия қўмондонининг буйруғига асосан III даражали “Намунали хизматлари учун” кўкрак нишони, фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан шунингдек, бир нафар ходим муддатидан олдин махсус унвон билан тақдирланди.

Тантанали маросимдан сўнг тадбир иштирокчилари маъмурий бинода яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишиб чиқдилар. Бугун вилоятда 1 минг 346 та объект ва 311та хонадон Қўриқлаш хизмати ходимлари томонидан ишончли қўриқланиб келинмоқда. Янги маъмурий бинонинг навбатчилик хизмат хонаси замонавий ускуналар билан жиҳозлангани эса, иш самарадорлигини янада оширишда муҳим омил бўлиб хизмат қилади. Хусусан, замонавий интеграллаштирилган техник қурилмалар билан жиҳозланган марказлашган тизим орқали барча қўриқловдаги объектларни электрон назорат қилиш имконияти яратилди. Бундан ташқари, вилоятдаги 16 та ўта муҳим тоифаланган обьектларда IP камералар ўрнатилган ҳолда, кириб чиқиш online тартибда қўшимча назорат қилиниши йўлга қўйилди.

Шунингдек, маъмурий бинода барча хизмат хоналари замонавий компьютер технологиялари ва керакли ускуналар билан жиҳозланган. Ходимларнинг маънавий оламини бойитиш ва улар ўртасида китобхонликка бўлган қизиқишни янада ошириш мақсадида кутубхона фаолияти йўлга қўйилди. Кутубхона бадиий ва соҳавий адабиётлар, даврий нашрларни ўзида мужссам этган. Руҳий енгиллик хонасида эса, ходимларнинг мароқли ҳордиқ чиқаришлари учун шароитлар яратилган ва турли хил  психологик тренинглар ташкил этилади.

Ходимларнинг спорт билан доимий шуғулланишлари учун замонавий спортзал фаолияти йўлга қўйилди. Бу ерда ўн беш турдаги спорт анжомлари мавжуд бўлиб, яратилган шароитларнинг барчаси қўриқлаш хизмати ходимларининг жисмоний ҳолатини яхшилаш йўлида хизмат тқилади.

Бу каби эътибор ва ғамхўрлик соҳа ходимларини ўз хизмат вазифасини бажаришда бор куч ва ғайратини сафарбар этишга ундайди. Бу эса, юртдошларимизнинг тинч ва хотиржам, фаровон ҳаёт кечиришлари йўлида хизмат қилиши билан яна ҳам аҳамиятлидир.     

 

 

Савол-жавоб

Сайт ҳақида фикрингиз

Натижаларни кўрсатиш

Ижтимоий тармоқларга юклаш:

Ўзбекистон Республикаси Миллий Гвардияси

МИЛЛАТ МАНФААТЛАРИ ҲИМОЯСИДА