БАЙРАМ ШУКУҲИ ДАВОМ ЭТМОҚДА

Бугун мустақиллигимизнинг 29 йиллиги, ҳеч шубҳасиз, барчамиз учун энг улуғ ва муқаддас бўлган ушбу байрам шукуҳи оилаларимиз даврасида, қалбларимизда, юракларимизда жўш урмоқда.

Миллий гвардия ҳуддудий бўлинмаларида ҳам байрам муносабати билан тантанали тадбирлар давом этмоқда. Хусусан, Самарқанд вилоятида Миллий гвардия бошқармасига маъмурий бинонинг фойдаланишга топширилиши соҳа вакиллари учун қўшалоқ байрам бўлди.

Мазкур иншоотнинг тантанали очилиш маросимида Самарқанд вилояти ҳокими Э.Турдимов, Миллий гвардия қўмондони Р.Джураев, шунингдек, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамда сектор раҳбарлари, давлат ва жамоат ташкилот вакиллари иштирок этди.

Тадбир давомида сўз олганлар томонидан юртбошимизнинг Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг йигирма тўққиз йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқи ёд олинди. Мустақиллик улуғ неъмат экани, истиқлол бизга берган мислсиз имкониятлар, юрт ҳимоячилари учун яратилаётган қулайликлар ҳақида сўз юритилди.

Шунингдек, “Сен – қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним” шиори остида Мустақиллигимизнинг йигирма тўққиз йиллиги байрами муносабати билан юрт тинчлиги, аҳоли осойишталиги ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш йўлида, ўз фидойилиги билан сафдошларига намуна бўлиб келаётган бир қатор ҳарбий хизматчиларни рағбатлантириш тўғрисидаги Қўмондон буйруғи ўқиб эшиттирилди.

Ватан равнақи йўлида фидокорона хизматлари билан жонкуярлик кўрсатаётган бир гуруҳ ҳарбий хизматчилар Миллий гвардия қўмондонининг буйруғига асосан III-даражали “Намунали хизматлари учун” кўкрак нишони, фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан, икки нафар ходим эса муддатидан олдин махсус унвон билан тақдирланди.

“Миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари” деган даъваткор ғоя Миллий гвардия фаолиятига тадбиқ қилинган ва шу асосда соҳада туб ўзгаришлар олиб борилиб, инновацион фаолиятни ривожлантириш борасида муҳим ишлар амалга оширилмоқда. Бу каби ўзгаришларни ушбу маъмурий бинода ҳам кўришимиз мумкин.

Яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишган тадбир иштирокчилари халқаро стандартларга мос, замонавий техник-жиҳозлар билан фаолияти йўлга қўйилган хизмат хоналари, маънавият маркази, мавсумий спорт зали ва майдончаларини кўриб, фикримиз гувоҳи бўлдилар. Айниқса, келажак авлод тарбияси учун муҳим аҳамият касб этувчи, ҳарбий хизматчиларнинг фарзандлари учун ташкиллаштирилган турли хилдаги спорт тўгараклари юқори баҳоланди.

Кўхна Самарқанд анъаналари уйғунлигида бунёд этилган ушбу бинода яратилган зарур шарт-шароитлар масъулиятли ва шарафли касб эгалари бўлган Миллий гвардия ходимларининг юклатилган вазифларни юксак даражада бажаришга бўлган шижоатини янада оширишга хизмат қилади.

Савол-жавоб

Сайт ҳақида фикрингиз

Натижаларни кўрсатиш

Ижтимоий тармоқларга юклаш:

Ўзбекистон Республикаси Миллий Гвардияси

МИЛЛАТ МАНФААТЛАРИ ҲИМОЯСИДА