МИЛЛИЙ ГВАРДИЯ БЎЛИНМАЛАРИ ЎРТАСИДА ТРИАТЛОН БЎЙИЧА БИРИНЧИЛИК ЎТКАЗИЛДИ...

Мамлакатимизда жисмоний тарбия ва спортни оммалаштириш, аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш учун зарур шарт-шароитлар ва спортнинг барча турлари билан шуғулланишга етарлича имкониятлар яратилган.
Сўнгги вақтларда “Триатлон” спорт тури билан машғулотлар олиб боришга ёшларимизнинг қизиқиши ортиб бораётганини сўзимизнинг тасдиғи сифатида келтириб ўтишимиз мумкин. Шунингдек, триатлон билан Қуролли кучлар тизимида ҳам ҳарбий хизматчилар томонидан мунтазам шуғулланиш йўлга қўйилмоқда. Чунки ҳарбий хизматчиларда жисмоний чиниқиш ва жанговар тайёргарликни мустаҳкамлаш учун интизом, сабр-тоқат ва чидамлилик каби хусусиятлар шаклланишида мазкур спорт тури алоҳида аҳамиятга эга.
Бугунги кунда Миллий гвардия бўлинмаларида ҳам “Триатлон” спорт тури кенг жорий этилиб, “Динамо” жисмоний тарбия ва спорт жамиятида ҳарбий хизматчилар, ходимлар ва ёшлар учун махсус спорт тўгараклари ташкил этилган. 
Жорий йил 9 сентябрь куни эса “Динамо” жисмоний тарбия ва спорт жамиятида Миллий гвардия ва Ўзбекистон триатлон федерацияси ҳамкорлигида Миллий гвардиянинг Тошкент шаҳри ва вилояти ҳудудларида жойлашган бўлинмалари ўртасида биринчилик мусобақаси ташкил этилди.
Мазкур беллашувда 20 нафар ҳарбий хизматчи 5 та жамоага бўлинган ҳолда ўзаро куч синашдилар. 500 метрга сузиш, 8 километр масофани велосипедда босиб ўтиш ва 3 километрга югуришдан иборат бўлган 3 та шарт бўйича баҳслашган жамоаларга умумий 60 дақиқа вақт берилди. Ҳар бир спортчи ушбу вақт ичида барча шартларни бажариши лозимлиги тажрибали спортчилар – ҳакамлар томонидан эслатиб ўтилди.
Қизғин ва муросасиз кечган беллашувлар якунида аниқланган натижаларга кўра, Тошкент шаҳри бўйича бошқармадан иштирок этган жамоалар биринчи ва учинчи ўринларни қўлга киритган бўлсалар, иккинчи ўринни Тошкент вилояти бўйича бошқарма жамоаси эгаллади. Шунингдек, “Энг яхши спортчи” номинациясида Тошкент вилояти жамоаси ҳарбий хизматчиси ғолиб деб топилди.
Барча ғолиб ва совриндорларга ташкилотчилар томонидан диплом, кўчма кубок ва қимматбаҳо совғалар топширилди.

Савол-жавоб

Сайт ҳақида фикрингиз

Натижаларни кўрсатиш

Ижтимоий тармоқларга юклаш:

Ўзбекистон Республикаси Миллий Гвардияси

МИЛЛАТ МАНФААТЛАРИ ҲИМОЯСИДА