Миллий гвардия Ҳарбий-техник институтида “Заҳириддин Муҳаммад Бобур” номидаги махсус стипендия ва кўкрак нишони таъсис этилди

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Атоқли адиблар ва мутафаккирларимиз ижодий меросини ёшлар ўртасида тарғиб қилиш ҳамда Адиблар ҳиёбонидан самарали фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Ҳарбий-техник институтида “Заҳириддин Муҳаммад Бобур” номидаги махсус стипендия ҳамда “Заҳириддин Муҳаммад Бобур” номидаги кўкрак нишони жорий этилиши юзасидан Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси қўмондонининг буйруғи имзоланди.
Ушбу махсус стипендия билан З.М.Бобурнинг ҳаёти ва ижодини ўрганиш, фаолиятини ёритиш, илмий тадқиқ қилиш ва тарғиб этиш йўналишида изланиш олиб бораётган, адабиёт ва китобхонликни кенг тарғиб қилиш йўналишида алоҳида фаоллик кўрсатаётган ва конференцияларда (танловларда) қатнашган, муаллифлик асосида нашр этилган ишлари (асарлари) мавжудлиги мезонларга асосан ҳар йили 20 майга қадар Институтда таҳсил олаётган 1-3 босқич курсантлари рағбатлантирилади.
Янги таъсис этилган кўкрак нишони билан эса маданият ва маърифат соҳасини ривожлантириш, Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳаёти ва ижодини чуқур ўрганиш ҳамда аҳоли ўртасида, шунингдек, дунё миқёсида кенг тарғиб қилиш борасида юқори натижаларга эришган Институт профессор-ўқитувчилари ва курсантлари тақдирланадилар.

“Заҳириддин Муҳаммад Бобур” номидаги кўкрак нишони никель ҳамда тилла қопланган мис қотишмасидан тайёрланган бўлиб, саккиз қиррали тилла рангли юлдуз шаклига эгадир. 
Кўкрак нишонининг марказида ҳаво ранг эмаль билан қопланган, орқа томонидан қуёш нурлари таралаётган фонда Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг саркардалик маҳорати ва салтанат соҳиби эканлигини англатувчи суворий қиёфасидаги олтин рангда бўлган суръати жойлашган бўлса, унинг юқори қисмида икки томонидан қабариқ саккиз қиррали юлдуз билан ажратилган қабариқ ҳарфларда “BOBUR” деган ёзув мавжуд.
Кўкрак нишонининг орқа томонида эса Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвирланган.
Унинг қадағичидаги қизил, мовий, сариқ ранглардаги шойи лента ҳам ўз маъносига эга бўлиб, у Заҳириддин Муҳаммад Бобур асос солган давлат байроғининг рангларини тасвирлайди.

Савол-жавоб

Сайт ҳақида фикрингиз

Натижаларни кўрсатиш

Ижтимоий тармоқларга юклаш:

Ўзбекистон Республикаси Миллий Гвардияси

МИЛЛАТ МАНФААТЛАРИ ҲИМОЯСИДА