САЙЁР ҚАБУЛ ВА МУАММОЛАР ЕЧИМИ

Миллий гвардия қўмондони ташаббуси билан фаолияти йўлга қўйилган ишчи гуруҳ томонидан жойларга чиқиб, ҳарбий хизматчи ва ходимлар ҳамда уларнинг оила аъзоларини қийнаб келаётган муаммоларни эшитиш, уларнинг мурожаатларини ва истакларини рўёбга чиқариш, шунингдек, тизимда олиб борилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини тушунтириш ишлари давом этмоқда.

Республика бўйлаб ташкил қилинаётган шу каби тадбирларда айрим ҳарбий хизматчи ва ходимларнинг йиллар давомида қийнаб келаётган муаммоли масалалари ўз ечимини топиб, истаклар рўёбга чиқмоқда. Хусусан, куни кеча Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Фарғона ва Сирдарё вилоятларидаги Миллий гвардия бўлинмаларида ташкил қилинган сайёр қабуллар бунинг яққол мисолидир. Унда жойлардаги Миллий гвардия мутасадди раҳбарлари бошчилигида вилоятларнинг ҳарбий прокуратура, Бандликка кўмаклашиш ташкилоти, Давлат хизматлари агентлиги, Халқ таълими бўлими, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш маркази, Марказий банк, Соғлиқни сақлаш бўлими ҳамда Коммунал хизмат кўрсатиш бўлинмалари вакиллари иштирок этдилар. Соҳа вакиллари ҳамда уларнинг оила аъзолари ўртасида ўтказилган сайёр қабулларда асосий эътибор, ижтимоий қўллаб-қувватлаш, оилалардаги соғлом муҳитни ташкил этиш, мавжуд муаммоларни ҳал этишга қаратилди. 

Тадбирлар мобайнида ўз ечимини кутаётган масалаларни биргаликда ҳал қилиш хусусида сўз борди ҳамда ҳарбий хизматчи, ходимлар ва уларнинг оила аъзолари томонидан турли масалалар бўйича келиб тушган мурожаатлар юзасидан тегишлилиги бўйича вазифалар белгиланди. Қабуллар сўнгида, иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоблар олишди. Бунда асосан ижтимоий муаммоларга қаратилган мурожаатларда, уй-жой, ишга жойлашиш, имтиёзли кредит олиш ҳамда болалар саломатлигини оширишга қаратилган масалалар юзасидан саволлар тингланди. 

Ўз ўрнида, келиб тушган мурожаатларнинг ўз жойида тегишлилиги бўйича мутасадди ташкилот раҳбар ва ходимлари томонидан ҳал қилинган бўлса, айрим муаммоли масалаларнинг ечими маълум муддат вақт талаб этиши муносабати билан Миллий гвардия ва ҳарбий прокуратура масъуллари томонидан назоратга олиниши белгилаб олинди.

 

 

Савол-жавоб

Сайт ҳақида фикрингиз

Натижаларни кўрсатиш

Ижтимоий тармоқларга юклаш:

Ўзбекистон Республикаси Миллий Гвардияси

МИЛЛАТ МАНФААТЛАРИ ҲИМОЯСИДА