ТАРИХИЙ МАЪЛУМОТЛАР

Миллий гвардия (фр. Garde Nationale, ингл. National Guard), миллий посбонлар (итал. guardia – посбон) – турли мамлакатларда ва тарихий даврларда ҳар хил қуролли ташкилотларнинг номи.

Ушбу атама қуйидаги тузилмаларни ифодалайди: милиция (кўнгиллилар, 1789–1827 йй.; 1830–1872 йй.даги Франция Миллий гвардияси ёки АҚШ Миллий гвардияси), жандармерия – ҳарбийлашган полиция (Россия миллий гвардияси қўшинлари ёки Португалия Республика Миллий гвардияси), ҳудудий мудофаа (1940 йилдан бошлаб Швеция Миллий гвардияси), Қуролли кучлар захираси (АҚШ Миллий гвардияси ва МГнинг бошқа кўплаб турлари), Қуролли кучларнинг илғор (элитар) ва имтиёзли қисми (Шри-Ланка Миллий гвардияси), умуман Қуролли кучлар (1925–1979 йй. даги Никарагуа Миллий гвардияси ёки Кипр Миллий гвардияси).

Гвардия тузилмалари ички ишлар вазирлиги ёки мудофаа вазирлигига ёхуд бирданига иккаласига, шунингдек махсус идорага бўйсуниши мумкин. Турли мамлакатлар қонунчилигига мувофиқ Миллий гвардия кучлари мудофаа идоралари тасарруфига ўтказилиши ҳам назарда тутилган.

Айрим мамлакатларда Миллий гвардия шахсий таркиби кўнгиллилардан (улар маош олмайдилар, аммо офицерлари Қуролли кучлар ёки полиция кадрлар таркибидан берилиши мумкин) ҳам, озгина маошга ишлайдиган (аввалги фаолиятини ташламаган ва/ёки бошқа асосий даромади бўлган) ёки тўлиқ бандлик учун шартнома имзолаган шахслардан, шунингдек ҳарбий мажбурият асосида шакллантирилиши мумкин. Миллий гвардия мақоми мунтазам, номунтазам ёки парамилитар (ярим ҳарбий) бўлиши мумкин.

Гвардия қўшилмалари дунёнинг 40 дан зиёд мамлакатларида турли даврларда мавжуд бўлган ёки ҳамон фаолият кўрсатади. Одатда, улар ички ишлар ёки мудофаа вазирлигига бўйсунувчи кўнгиллилар ёки махсус қўшилмалар бўлиб, мустақил қўшин тури сифатида ҳам фаолият кўрсатиши мумкин.

Маълумот учун:

Турли мамлакатларнинг миллий гвардиялари

Франция. Франция Миллий гвардия (la Garde Nationale) номли кўнгиллилар қўшилмалари шаклланган биринчи мамлакат бўлган. 1789 йилда Француз инқилоби жараёнида Таъсис мажлиси кўчаларда тартиб ўрнатиш мақсадида бундай отрядлар тузиш ҳақида қарор чиқарган. Бир неча йил ичида гвардиячилар сони 300 минг нафарга етган. 1793 йилда у Вандеядаги монархистларнинг аксилинқилобий қўзғолонини бостиришда асосий роль ўйнаган. 1- ва 2-Республикаларда, император Наполеон даврида ва Бурбонлар тикланишида француз миллий гвардияси мунтазам армия қўшилмаларига ёрдам бериб, мамлакатда тартиб сақлаб турган. XIXаср ўрталарига келиб у кўнгиллилар қўшини (лашкари) бўлмай қолди – гвардиячилар чақирув асосида жамланадиган бўлди. 1972 йилда Франция Пруссия билан урушда енгилгач тугатилди.

АҚШ. АҚШ Миллий гвардиясининг тарихи 1648 йилда тузилган Массачусетс кўрфази колониясининг кўнгиллилар лашкаридан бошланади. 1916 йилда гвардия ҳозирги кўринишда ташкил этилган, 1947 йилда Миллий гвардиянинг Ҳарбий-ҳаво кучлари ташкил қилинган. АҚШ гвардиясининг қисмлари ҳар бир штатда мавжуд бўлиб, штатлар губернаторларига ва мамлакат президентига бўйсунади. Миллий гвардия АҚШ Қуролли кучлари ва Ҳарбий ҳаво кучларининг уюшган захираси ҳисобланади. Уни штатлар губернаторлари фавқулодда вазиятларда табиий офатлар оқибатларини тугатиш, ҳуқуқ-тартиботни сақлаш ва бошқа мақсадларда ишга солишлари мумкин. АҚШ президентининг қарори асосида гвардиядан АҚШ қуролли кучларини қўллаб-қувватлаш учун ҳам, жумладан мамлакат ташқарисида ҳам фойдаланилиши мумкин. У АҚШнинг Вьетнам урушидан бошқа барча йирик ҳарбий операцияларида иштирок этган. Унинг сафларида тахминан 1,5 миллион киши хизмат қилади. 

Грузия. Грузияда Миллий гвардия 1990 йил 20 декабрда кўнгиллилардан ташкил қилинган. Кўпгина бошқа мамлакатлардан фарқли равишда, Грузида бу қўшилма ҚК таркибига киради. МГ Грузиянинг 1990-йиллардаги барча қуролли можароларида иштирок этган. 2000 йилдан бошлаб ҳарбий тузилма ҳисобланмайди, фавқулодда вазиятлар оқибатларини тугатиш, шунингдек захирада турган ҳарбий хизматчиларни ҳарбий ишга сафарбар қилиш ва ҳарбий чақирувни ташкил қилиш билан шуғулланади.

Қирғизистон. Қирғизистон Республикасининг Миллий гвардияси 1991 йилда ташкил этилган. У ҚК таркибидаги махсус тузилма ҳисобланади. Асосий вазифалари – конституциявий тузумни ҳимоя қилиш, давлат объектлари ва стратегик объектларни қўриқлаш, терроризмга қарши курашиш. Шунингдек, фахрли протокол хизматини ўтайди. Тахминан 3 минг кишидан ибрат бўлиб, улар шартнома ёки чақирув асосида хизмат қилишади.

Болгария. Болгарияда Миллий гвардия қисмлари қуруқликдаги қўшинларнинг бирлашмаси ҳисобланади. Тантанали маросим вазифаларини бажарадиган, давлат арбоблари ва маъмурий биноларни қўриқлаш билан шуғулланадиган отряддир. 1993 йилда ташкил қилинган, қисм ҳарбий хизматчилари асосан анъанавий гусарлар кийим-бошини киядилар. Сони – деярли 250 нафар.

Саудия Арабистони. Саудия Арабистонининг Миллий гвардияси 1917 йилда ташкил этилган бўлиб, ушбу давлат қуролли кучларининг учта асосий тармоғидан бири ҳисобланади. Ҳукмдор Ал-Сауд оиласига энг хайрихоҳ қабилалар вакилларидан шакллантирилади. Асосий вазифаси – қирол хонадонини қўриқлаш. Гвардиячиларга шаҳзода Мутаиб бин Абдулла қўмондонлик қилади. МГ аскарларининг сони 160 минг нафар атрофида.

Покистон. Миллий гвардия 1994 йилда ташкил этилган. Мудофаа вазирига бўйсунади. Ёрдамчи ҳарбийлашган тузилмалар, шунингдек миллий кадетлар корпуси ва аёллар гвардиясидан ташкил топади. Жамлаш ҳудудий принцип бўйича кўнгилли асосда амалга оширилади. Сони – тахминан 185 минг нафар.

1992 йил 23 январь куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 29-сон қарори билан, “Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллиги асослари тўғрисида”ги (1991 йил 31 август) қонунига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси ИИВнинг 3408-сон ҳарбий қисми негизида Миллий гвардия бригадаси ташкил этилиб, мамлакат Мудофаа ишлари вазирлиги тасарруфига берилган эди.

Миллий гвардия ташкил этилишидан кўзланган мақсад давлат суверенитетини, фуқароларининг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини ҳамда Ўзбекистон Республикасининг ҳудудий яхлитлигини ҳимоя қилиш бўлган.

2017 йил август ойидан эътиборан Миллий гвардия мамлакат Қуролли кучлари таркибидаги мустақил қўшин тури сифатида фаолият кўрсатмоқда.

2019 йил январь ойида Ички ишлар вазирлиги Қўриқлаш бош бошқармаси Ички ишлар вазирлиги тасарруфидан чиқарилиб, мамлакат Миллий гвардияси таркибига ўтказилди.

Миллий гвардия Ўзбекистон Республикасида мустақил қўшин тури сифатида қисқа вақт мобайнида фаолият кўрсатаётган бўлса-да, юқори даражада самарали эканлигини, таркибий тузилиши ва тайёргарлиги Ўзбекистон Республикасига қарши қаратилган мавжуд ва имкониятдаги жамоат ва давлат хавфсизлиги даражасига мувофиқлигини кўрсатди.

Ҳозирги кунда Миллий гвардия бўлинмаларини замонавий қурол-яроғ турлари ва бронетехника билан жиҳозлаш жараёни жадал давом этмоқда, шахсий таркибни махсус ҳарбий тайёрлаш жараёни такомиллашмоқда. Шу билан бирга, компетенция борасида, мамлакатнинг миллий манфаатларига қарши ҳаракатлар ва таҳдидларга қарши курашишнинг барвақт олдини олувчи тизимни шакллантириш учун мамлакат хавфсизлигига таҳдидларни таҳлил қилиш ва прогнозлаш борасидаги ишлар йўлга қўйилган.
 

Ижтимоий тармоқларга юклаш:

Ўзбекистон Республикаси Миллий Гвардияси

МИЛЛАТ МАНФААТЛАРИ ҲИМОЯСИДА