ОИЛА – ВАТАН ИЧРА КИЧИК ВАТАНДИР

Оила табиатнинг шоҳ асаридир ва кишилик жамиятининг энг мукаммал ижодидир. Энг гўзал инсоний туйғулар оила аталмиш “кичик Ватан”да шаклланади, сайқал топади. Юрт равнақи, мамлакат ривожида оилаларнинг ўрни беқиёсдир. Чунки аҳил, иноқ, мустаҳкам оилада юрт корига камарбаста келажак авлод камол топади.

Шу сабабли, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси қўмондонлиги томонидан ҳарбий хизматчиларнинг оилаларини маънавий ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш, соғлом маънавий-ахлоқий муҳит ҳамда соғлом турмуш тарзини янада мустаҳкамлашга ва юртбошимиз томонидан илгари сурилган бешта ташаббусни амалга оширишга қаратилган чора тадбирлар амалга оширилмоқда Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари ва уларнинг оила аъзолари ўртасида 3 босқичдан иборат бўлган  “Ибратли оила” кўрик-танлови бунинг яққол мисолидир.

Куни кеча 15 май - Халқаро оила куни муносабати билан, дастлабки босқичларда ғолибликни қўлга киритган ҳарбий хизматчи оилалар ўртасида ушбу танловнинг Республика босқичи ўтказилди. Якуний босқичда 8 нафар оила қуръа ташлаш йўли билан кетма-кетлигини аниқлаб олган ҳолда 3та шарт бўйича ўзаро беллашдилар.

   

Ҳар бир иштирокчи оила танловига пухта тайёргалик кўрган бўлиб, шартларга мувофиқ ўз шиори ва кўкрак нишонига эга. Таништирув, эркин мавзуда саҳна кўриниши ҳамда интеллектуал салоҳиятни синовдан ўтказиш шартлари бўйича беллашган оилаларнинг чиқишлари ҳакамлар ҳайъати томонидан танлов низоми мезонлари асосида баҳолаб борилди.

Тадбир давомида ижро этилган турли шеърлар, куй-қўшиқлар ва рақслар томошабинларга юқори кайфият улашган бўлса, гиёҳвандлик, диний экстремизм каби иллатлар тасвирланган саҳна кўринишлари барчани огоҳликка чорлади.

“Ибратли оила” кўрик-танловининг Республика босқичида Самарқанд вилоятидан ташриф буюрган Соатовлар оилавий жамоаси энг юқори баллни қўлга киритиб, ушбу танловнинг мутлоқ ғолиби бўлди.

– Бугун бизнинг оиламиз биринчиликни қўлга киритганидан беҳад ҳурсандмиз. Рақиб жамоалар кучли эканлигини, соғлом рақобат бўлишини билиб, жуда қаттиқ тайёргарлик кўрдик. Ушбу танловни ташкил этган Миллий гвардия қўмондонлигига ва барча босқичларда бизни қўллаб-қувватлаган Ота-Оналаримиз, касбдошларимизга ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз, – дейди кичик сержант Соатов Тўлаган.

   

Шунингдек, 3та совринли ўриндан ташқари оилавий жамоалар “Энг қувноқ оила”, “Энг билимдон оила” каби турли номинацияларда  тақдирландилар.

Барча ғолиб ва совриндор оилаларга диплом ҳамда қимматбаҳо эсдалик совғалари топширилди.

Савол-жавоб

Сайт ҳақида фикрингиз

Натижаларни кўрсатиш

Ижтимоий тармоқларга юклаш:

Ўзбекистон Республикаси Миллий Гвардияси

МИЛЛАТ МАНФААТЛАРИ ҲИМОЯСИДА