“ҲАМКОРЛИК-2019” ЎҚУВ МАШҒУЛОТЛАРИ ЯКУНЛАНДИ

Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси қўмондони ва Хитой Халқ Республикаси Халқ Қуролланган Милицияси Бош қўмондони ўртасида тузилган ўзаро ҳамкорлик режасига асосан 2019 йил май ойида ўтказилган “Ҳамкорлик-2019” аксилтеррор ўқув-амалий машғулотлари муваффақиятли якунланди.

2019 йилнинг 14 май куни юртимизга Хитой Халқ Қуролланган Милицияси бош қўмондони Ван Нин “Ҳамкорлик-2019” аксилтеррор ўқув-амалий машғулотининг якуний босқичида иштирок этиш учун ташриф буюрди.

Ташрифнинг дастлабки кунида бош қўмондон Ван Нин ва Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси қўмондони Баҳодир Ташматовнинг учрашуви ўтказилди. Учрашув давомида икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилиниб, кейинги ҳамкорликни ташкиллаштиришдаги истиқболли йўналишлар белгилаб олинди.

  

2019 йилнинг 15 май ташрифнинг иккинчи куни икки томон раҳбарлари аксилтеррор ўқув-амалий машғулотлари якунида иштирок этиш учун Жиззах вилоятида жойлашган “Фориш” полигонига етиб келишди.

Ҳар икки мамлакатнинг иштирокчилари жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва террорчилик кўринишлари билан курашишга қаратилган профессионал тайёргарликнинг юқори даражасини намойиш қилдилар.

Дастлаб ҳарбий хизматчилар кўп қаватли турар жой биносини гаровга олган бир гуруҳ террорчиларни йўқ қилиш ва гаровдагиларни қутқариш операциясини амалга оширишди. Сўнг эса терорчилар базасини яксон қилиш операцияси намойиш этилди.

Шунингдек, ҳарбий хизматчилар замонавий қуроллардан фойдаланган ҳолда душманни йўқ қилиш машқларини, турли ҳолат ва шароитларда қуроллардан моҳирона фойдалана олиш имкониятларини кўрсатишди.

Икки ҳафта мобайнида ҳарбий хизматчиларининг бўш вақтларини мароқли ўтказиш мақсадида ташкил этилган спорт мусобақалари, маънавий-маърифий тадбирлар, тарихий жойларга саёҳат иштирокчилар орасида дўстона муҳитни яратди.

“Биз Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси фаолиятига қойил қолдик. Ўзбекистонга ташриф буюриш ва ушбу 15 кун давомида ўқув машқларида иштирок этиш Миллий гвардиядан кўп жиҳатларни ўрганишга имкон берди. Гвардиячиларда  кўрган энг яхши фазилатлар бизнинг ҳарбий хизматчиларимизда чуқур таассурот қолдирди: Биринчидан, ватанпарварлик, Ватанга ва халққа садоқат. Иккинчидан, жанговар руҳ, мажбуриятларни бажаришга шайлик, қийинчиликларни енгиб ўтишдаги қатъиятлик ва ғайрат. Учинчидан, яхши имидж ва қатъий интизом. Хитой Халқ Қуролланган Милицияси сиздан жуда кўп нарсани ўрганиши керак. Биз келгусидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш, хусусан, юқори натижаларга эришиш учун саъй-ҳаракатларни бирлаштириш ва бир-биримиздан ўрганиш борасида Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси қўмондони генерал-полковник Ташматов билан келишиб олдик” дея фикр билдирди Хитой Халқ Қуролланган Милицияси бош қўмондони генерал-полковник Ван Нин.

 

Қайд этиш жоизки, таҳдидларга қарши курашиш, хавфсизликни таъминлаш борасида стратегик шериклик ва ишончли ҳамкорликка асосланган бундай кенг кўламли ҳарбий ўқув машғулотларини биргаликда ўтказиш икки давлат ҳарбий хизматчиларига катта тажриба мактаби сифатида хизмат қилади.

Савол-жавоб

Сайт ҳақида фикрингиз

Натижаларни кўрсатиш

Ижтимоий тармоқларга юклаш:

Ўзбекистон Республикаси Миллий Гвардияси

МИЛЛАТ МАНФААТЛАРИ ҲИМОЯСИДА