КОРРУПЦИЯГА ҚАРШИ КУРАШИШ – МУҲИМ ВАЗИФА

Давлат ва жамиятнинг ривожига, халқнинг адолатга бўлган ишончига жиддий путур етказадиган хавф – коррупция хавфининг олдини олиш ва унга қарши курашиш борасидаги ишлар Республикамизда изчиллик билан амалга оширилмоқда.

Ушбу масалада, муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Конституциямиз қабул қилинганининг 26 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида таъкидланганидек, “Коррупцияга қарши курашда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар қанчалик ҳаракат қилмасин, халқимиз бу жирканч иллатга муросасиз бўлмас экан, таъсирчан жамоатчилик назоратини ўрнатмас экан, бу балога қарши самарали курашни ташкил эта олмаймиз.

Бу иллат билан нафақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар, балки ҳар бир жамоа жиддий курашиши керак. Шунинг учун ҳар бир давлат идорасида жамоатчилик томонидан назорат қилинадиган коррупцияга қарши курашиш бўйича ўз ички дастурлари бўлиши шарт”.

Коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланган вазифаларга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси тизимлари шахсий таркиб орасида коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг олдини олиш, жумладан қонунчилик, ҳарбий ва хизмат интизоми, одоб-ахлоқ қоидалари ва ички тартибга риоя этилишини таъминлашга қаратилган кенг қамровли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, дунё давлатларида жамият ривожига ғов бўлаётган коррупция хавфига қарши курашишни таъминлашга қаратилган бир қатор халқаро-ҳуқуқий ҳужжатлар, жумладан:

– Давлат мансабдор шахсларининг халқаро ахлоқий кодекси (Нью-Йорк, 1996 йил 12 декабрь);

– Коррупция бўйича жиноий жавобгарлик конвенцияси (Страсбург, 1999 йил 27 январь);

– Коррупция бўйича фуқаровий-ҳуқуқий жавобгарлик конвенцияси (Страсбург, 1999 йил 4 ноябрь) ва мазкур Конвенцияга қўшимча протокол (Страсбург, 2003 йил 15 май);

– Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Коррупцияга қарши конвенцияси (2003 йил 31 октябрь) ва бошқалар қабул қилинган.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 2003 йил 21 ноябрдаги резолюциясига мувофиқ, 2004 йилдан бошлаб “9 декабрь – Бутунжаҳон коррупцияга қарши курашиш куни” сифатида нишонланмоқда. Ушбу кунда БМТнинг “Коррупцияга қарши конвенция”ни тан олган, аъзоси ҳисобланган давлатларда турли тадбирлар ва акциялар уюштирилади, плакат ва варақалар чоп этилади, шунингдек оммавий ахборот воситаларида коррупцияга қарши курашиш масаласидаги ахборотлар фаоллашади.

Халқаро-ҳуқуқий ҳужжатлар ва миллий қонунчилик асосида, мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш соҳасида ташкилий-ҳуқуқий механизмлар яратилди.

Биринчидан, Ўзбекистоннинг 2008 йили БМТнинг Коррупцияга қарши конвенциясига, 2010 йили Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти доирасида қабул қилинган коррупцияга қарши кураш бўйича Истанбул ҳаракат режасига қўшилиши – коррупцияга қарши курашнинг ҳуқуқий асосларини яратишда муҳим қадам бўлди.

Даставвал коррупциянинг олдини олиш билан боғлиқ қонунчилик базасини мустаҳкамлашга қаратилган Бюджет кодекси, “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида”, “Ижтимоий шериклик тўғрисида”, “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”, “Тезкор-қидирув фаолияти тўғрисида”, “Электрон ҳукумат тўғрисида” ва “Парламент назорати тўғрисида”ги қонунлар қабул қилинди.

Иккинчидан, коррупцияга қарши самарали кураш олиб бориш мақсадида 2017 йил 3 январда “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг қабул қилиниши – давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтларининг коррупцияга қарши куч ва имкониятларини бирлаштириб, яхлит тизимни яратиш имконини берди.

Мазкур қонуннинг 5-моддасида кўра, коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари сифатида:

– аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш;

– давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирларни амалга ошириш;

– коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни ўз вақтида аниқлаш, уларга чек қўйиш, уларнинг оқибатларини, уларга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш, жавобгарликнинг муқаррарлиги принципини таъминлаш белгиланди.

Қонуннинг 26-моддасига кўра, “Давлат органларининг ходимлари уларни коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар содир этишга кўндириш мақсадида бирор-бир шахс ўзларига мурожаат этганлигига доир барча ҳоллар тўғрисида, шунингдек давлат органларининг бошқа ходимлари томонидан содир этилган шунга ўхшаш ҳуқуқбузарликларнинг ўзларига маълум бўлиб қолган ҳар қандай фактлари ҳақида ўз раҳбарини, ёхуд ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларни хабардор этиши шарт. Ушбу мажбуриятни бажарилмаганлик жавобгарликка сабаб бўлади”.

Қонуннинг 7-моддасига кўра, Бош прокуратура, Давлат хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги, Адлия вазирлиги ва Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти – коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни бевосита амалга оширувчи давлат органлари этиб белгиланди.

Бундан ташқари, Олий Мажлиснинг ҳар иккала палаталарида ҳам “Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари бўйича қўмиталари” ташкил этилган.

Учинчидан, “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонун асосида, аниқ мақсадларга қаратилган чора-тадбирларни ўз ичига олган, 2017-2018 йилларга мўлжалланган коррупцияга қарши курашиш бўйича давлат дастури изчиллик билан амалга оширилди.

Давлат дастурида белгиланган коррупцияга қарши курашиш тизимининг қонуний асосларини янада мустаҳкамловчи “Жамоат назорати тўғрисида”, “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”, “Жабрланувчилар, гувоҳлар ва жиноят процессининг бошқа иштирокчиларини ҳимоя қилиш тўғрисида”, “Давлат харидлари тўғрисида”, “Давлат ва хусусий шериклик тўғрисида” ҳамда “Ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлаш тўғрисида”ги қонунлар қабул қилинди.

Шунингдек, Президентимизнинг 2019 йил 9 январдаги ПФ-5618-сон Фармонига мувофиқ, юртимизда ҳуқуқий таълим ва маърифатни тубдан яхшилаш, ҳуқуқий билимларни кенг миқёсда тарғиб этишга қаратилган Жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш миллий дастури тасдиқланди.

Тўртинчидан, давлат хизмати тизимини яратиш ва унинг фаолиятининг асосий тамойилларини, давлат хизматининг кадрлар таркибини шакллантиришга, давлат хизматига ишга киришга бўлган талабларни, уни ўташни ва якунлашни тартибга солувчи “Давлат хизмати тўғрисида”ги қонун лойиҳаси – кенг жамоатчилик томонидан, шу жумладан норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари порталида, муҳокама қилинмоқда.

Мазкур қонун лойиҳасини қабул қилиш орқали қуйидаги муҳим вазифалар ҳал этилади:

– давлат хизмати ва давлат хизматчиларининг ҳуқуқий мақомининг ягона ташкилий-ҳуқуқий механизмларини таъминлаш;

– давлат хизмати мавқеининг қонуний асосларини босқичма-босқич шакллантириш;

– муносиб хизматлари ва фазилатлари учун инсофли танлов ва хизматда ўсишини кафолатларини белгилаш;

– давлат хизматига қабул қилиш, хизматни ўташ ва тўхтатишнинг процедураларини белгилаш;

– давлат хизматчиларининг касбий маҳорати ва амалий билимларини ошириш учун шароит яратиш, халқ манфаатлари учун хизмат қилиш руҳиятини ва давлат хизмати соҳасидаги юқори ахлоқий стандартларни шакллантиришдан иборатдир.

Халқаро ва миллий қонун ҳужжатлари асосида, мансабдор шахсларга (давлат хизматчиларига) коррупциявий ҳаракатларни содир этиши учун имконият яратаётган омилларни бартараф қилиш – ҳар бир давлат органининг доимий вазифасига айланмоқда.

2019 йил 27 майда коррупцияга қарши курашиш тизими самарадорлигини ошириш мақсадида, Давлат раҳбарининг “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5729-сон Фармони қабул қилиниб, ушбу ҳужжатга мувофиқ:

– 2019 – 2020-йилларда коррупцияга қарши курашиш давлат дастури;

– Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссиясининг янгиланган таркиби;

– Коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги фаолият самарадорлигини оширишга қаратилган чора-тадбирларни ишлаб чиқиш бўйича махсус комиссияси таркиби тасдиқланди.

Дастурга кўра, қуйидаги 4 та устувор йўналишда 35 та муҳим чора-тадбирларни амалга ошириш белгиланган:

биринчи, аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш;

иккинчи, давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида коррупциянинг олдини олиш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш;

учинчи, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни ўз вақтида аниқлаш, уларга чек қўйиш, имконият яратувчи сабаблар, шарт-шароит ва оқибатларини бартараф этиш, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун жавобгарликнинг муқаррарлиги принципини таъминлаш;

тўртинчи, коррупцияга қарши курашиш масалалари бўйича халқаро ҳамкорликни амалга ошириш.

Мазкур Фармонга асосан, коррупцияга қарши курашиш соҳасида давлат сиёсатининг устувор йўналишлари қуйидагилардан иборат:

– суд ҳокимиятининг мустақиллигини янада мустаҳкамлаш, судьяларга қонунга хилоф равишда таъсир ўтказиш шарт-шароитларини истисно этиш;

– давлат хизматчиларини танлов асосида саралаб олиш, лавозимга тайинлаш ва юқори лавозимларга кўтаришнинг шаффоф тартибига асосланган давлат хизмати тизимини шакллантириш, улар учун чекловлар, тақиқлашлар, рағбатлантириш чоралари ҳамда коррупциянинг олдини олиш бошқа механизмларининг аниқ рўйхатини белгилаш;

– давлат хизматчилари даромадларини декларация қилиш тизимини босқичма-босқич жорий этиш ва уларнинг иш ҳақи етарли даражада бўлишини таъминлаш, шунингдек, давлат хизматини ўташда манфаатлар тўқнашувини ҳал этишнинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш;

– коррупция билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар ҳақида хабар берган шахсларни ҳимоя қилишнинг самарали ташкилий-ҳуқуқий механизмларини жорий этиш;

– аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини янада ошириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни кучайтириш;

– давлат органларининг ҳисобдорлиги ва фаолияти шаффофлигини ошириш;

– фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари фаолиятининг чинакам эркинлигини таъминлаш ва уларни коррупцияга қарши чораларни тайёрлаш, ўтказишда ва ижросини мониторинг қилишда иштирок этишга жалб қилиш.

Фармоннинг 5-бандига кўра, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар содир этилишига имкон яратаётган сабаблар ва шарт-шароитларни таг-томири билан йўқотиш – давлат органлари раҳбарларининг биринчи даражадаги муҳим вазифаси ҳисобланади.

2019 йил 1 июлдан бошлаб давлат органлари зиммага юкланган вазифа ва функцияларни амалга оширишда юзага келадиган коррупция хавф-хатарларини вақти-вақти билан мажбурий баҳолаб боради.

Давлат органлари раҳбарларининг – коррупция хавф-хатарларини ўз вақтида аниқламаганликлари ва тегишли баҳо бермаганликлари, шунингдек, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни такроран содир этиш ҳолатларига йўл қўйганликлари юзасидан шахсан жавобгар бўлади.

Ўтган даврда Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси тизимларида коррупцияга қарши курашиш бўйича бир қатор ташкилий-амалий ишлар бажарилди.

Биринчидан, Миллий гвардияда шахсий таркибнинг касбий одоб-ахлоқ принциплари ва хулқ-атвор қоидаларини белгилаш, шахсий таркиб орасида ҳуқуқбузарликларни олдини олишга қаратилган “Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси ҳарбий хизматчиларининг одоб-ахлоқ қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида” буйруғи қабул қилинди.

Иккинчидан, ҳарбий хизматчиларининг овқатлантириш соҳасида коррупция билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мақсадида, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 16 майдаги 366-сон “Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси ҳарбий хизматчиларининг овқатланишини ташкил этиш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ҳамда 2019 йил 17 апрелдаги 323-сон “Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясининг тегишли бўлинмаларида шахсий таркибнинг овқатланишини ташкил этиш бўйича аутсорсинг хизматлари кўрсатиш тартиби тўғрисида низомни тасдиқлаш тўғрисида” қарори қабул қилинди.

Учинчидан, Миллий гвардия тизимига ҳарбий хизматга ва таълим муассасаларига ўқишга номзодларни танлаш жараёнида, шаффофлик ва ошкораликни таъминлаш мақсадида, Миллий гвардия қўмондонининг қуйидаги буйруқлари Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилди:

– “Миллий гвардия Ҳарбий-техник институтда ҳарбий-профессионал танлаш тадбирларини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида” (2018 йил 14 май, 122-сон);

– “Миллий гвардия бўлинмаларига контракт бўйича ҳарбий хизматга номзодларни танлаш ва қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида” (2018 йил 25 июл, 199-сон);

– “Ҳарбий-техник институтига ўқишга кирувчи номзодларнинг дастлабки танлаш тадбирларини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида” (2018 йил 5 декабрдаги Миллий гвардия ва Мудофаа вазирлигининг қўшма қарори).

Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамасининг “Ихтисослаштирилган мусиқа академик лицейи фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида” ҳамда “Ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактаби фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорлари асосида идоравий лицейларга танловлар тартиби белгиланди.

Тўртинчидан, Миллий гвардия эҳтиёжлари учун товарлар (ишлар ва хизматлар)ни харид қилиш соҳасида, Миллий гвардиянинг тегишли йўриқномалар тасдиқланди ва доимий комиссиялар тузилиб, фаолият кўрсата бошлади.

Коррупциянинг олдини олишга оид функцияларни амалга оширувчи бўлинмалар томонидан тегишли низом ва йўриқномалар асосида зарур чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Жумладан:

– Миллий гвардиянинг Хавфсизлик бошқармаси – шахсий таркиб ўртасида қонунчилик, ҳарбий ва хизмат интизомга риоя этилишини таъминлашга қаратилган профилактик чора-тадбирларни амалга оширади, салбий ҳолатлар бўйича текширувлар ўтказади;

– Юридик таъминлаш ва мурожаатлар билан ишлаш бошқармаси –норматив-ҳуқуқий ва ички идоравий ҳужжатларнинг ва улар лойиҳаларининг коррупцияга қарши экспертизасини ўтказади ҳамда шахсий таркибнинг ҳуқуқий билимлари ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга қаратилган қонунчилик тарғиботи тадбирларини олиб боради;

– Назорат-тафтиш бошқармаси – молиявий ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, бюджетлари маблағлари мақсадли сарфланиши, улар томонидан бюджет қонунчилигига ҳамда бюджет ва смета-штат интизомига риоя этилиши устидан назоратни олиб боради.

Бешинчидан, қуйидаги соҳаларда тизимда коррупциянинг олдини олишга оид функцияларни амалга оширувчи бўлинмалар томонидан профилактик чора-тадбирлар тизимли равишда амалга оширмоқда:

– бюджет харажатлари манбаларини шакллантириш, молиявий маблағларни тақсимлаш;

– қурол-яроғ, техника ва бошқа моддий-техник таъминот воситалар билан таъминлаш, давлат харидларини амалга ошириш;

– капитал қурилиш ва таъмирлаш ишларини бажариш, уй-жойдан фойдаланиш ва уни сотиб олиш;

– номзодларни танлаш, кадрларни жой-жойига қўйиш, лавозимни юқорига кўтариш, бошқа қулай ҳудудга ўтказиш ва кадрларга оид бошқа муҳим масалаларни ҳал этиш;

– ҳарбий-касбий танловларда (синовлар вақтида) хизмат, жанговар ва жисмоний тайёргарлик даражасини баҳолаш, тестлар олиш;

– таълим муассасасига ўқишга киришга тавсияномалар бериш, квоталарни белгилаш, ўқишга киритиш ва таълим жараёнини текшириш;

– тингловчи, ўқувчи ва курсантларни ўқишдан четлаштириш ва синов имтиҳонларини қабул қилиш;

– шахсий таркибнинг соғлигини сақлаш, дори-дармон ва тиббий воситалар таъминотини ташкил этиш, ҳарбий-тиббий комиссиядан ўтказиш ва тиббий-санитар назоратни текшириш ва бошқалар.

Ўз навбатида, Миллий гвардия тизимида коррупцияни олдини олишга қаратилган ишларни самарали ташкиллаштириш учун Миллий гвардия Ҳайъатида қуйидаги муҳим вазифалар белгиланди:

– идоравий коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган ички стратегияни (дастурни) ишлаб чиқиш ва уни барча даражадаги бўлинмаларда самарали амалга ошириш;

– шахсий таркиб томонидан коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланган чекловлар, тақиқлар ва лавозим мажбуриятларига риоя этилишини таъминлаш бўйича раҳбарларнинг (командирлар ва бошлиқларнинг) масъулиятини ошириш;

– раҳбарларининг лавозим мажбуриятига “шахсий таркиб ўртасида коррупция билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, уларни содир этилишига сабаб ва шароитларни аниқлаш ва бартараф этиш” мажбуриятини киритиш;

– коррупция билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларни содир этганлиги учун контракт бўйича ҳарбий хизматдан (хизматдан) бўшатилган ва лавозимидан четлаштирилган шахслар ҳақида хизматда фойдаланиш учун мўлжалланган фильмларни тайёрлаш ва шахсий таркиб ўртасида намойиш этиш;

– моддий-техник таъминлаш, қурилиш, шартномаларни тузиш, турли ишларни бажариш ва моддий воситаларни етказиб беришда – бюджет харажатлари устидан тизимли назоратни таъминлашга қаратилган комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш;

– бўлинмада раҳбарлар (командирлар ва бошлиқлар) томонидан коррупцияни олдини олишга қаратилган тадбирлар самарадорлигини ҳамда сифатини аниқлаш бўйича идоравий назоратни амалга оширишга қаратилган ягона ёндашувни белгилаш;

– шахсий таркиб орасида коррупция билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга оширувчи таркибий бўлинмалар фаолиятининг самарадорлигини баҳолаш мезонларини ишлаб чиқиш; 

– қонун ҳужжатларида белгиланган тақиқ, чеклов ва талабларга риоя этмаганларга нисбатан жавобгарликни қўллаш жараёни устидан биринчи раҳбарларнинг (командирлар ва бошлиқларнинг) назоратини етарли даражада таъминлаш;

– коррупция билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларга қарши курашишга масъул шахсларни ушбу соҳада ўқитиш ва малакасини ошириш юзасидан ўқув-методик дастурлари ишлаб чиқиш ва амалга ошириш.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 27 майдаги ПФ-5729-сон “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ижроси юзасидан – Миллий гвардия қўмондонининг “Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси тизимида коррупцияга қарши курашишга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги буйруғи қабул қилиниб, унда:

– Коррупцияга қарши курашиш бўйича Миллий гвардиянинг комиссияси таркиби;

– Миллий гвардиянинг коррупцияга қарши кураш бўйича идоравий чора-тадбирлар Дастури;

– Коррупцияга қарши курашиш мақсадида Миллий гвардия шахсий таркибини ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш бўйича назорат-режаси тасдиқланди.

Мазкур идоравий ҳужжатларда, Миллий гвардия тизимида коррупцияга қарши курашишнинг самарали дастурларини амалга ошириш, бўлинмаларни ҳисобдорлиги ва фаолиятининг очиқлиги механизмларини жорий этиш, одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этилиши ва манфаатлар тўқнашувининг олди олинишини таъминлаш бўйича амалий чора-тадбирларни бажариш орқали тегишли соҳаларда коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларга имкон яратаётган сабаблар ва шарт-шароитларни таг-томири билан йўқотиш – раҳбарларнинг (командир ва бошлиқларнинг) биринчи даражадаги муҳим вазифаси ҳисобланишига урғу берилди.

Миллий гвардия бўлинмалари раҳбарлари (командир ва бошлиқлар) ўзлари раҳбарлик қилаётган бўлинмаларда коррупция хавф-хатарларини ўз вақтида аниқламаганликлари ва бундай ҳолатларга ҳуқуқий баҳо бермаганликлари, шунингдек, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни такроран содир этиш ҳолатларига йўл қўйганликлари юзасидан шахсан жавобгар бўлиши қатъий белгиланди.

Шунингдек, ушбу ички норматив ҳужжатлар орқали Миллий гвардия тизимида коррупцияга қарши курашиш соҳасида амалга оширилаётган ишлар самарадорлигини ошириш, бўлинмаларда коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларга тоқатсизлик муҳитини яратиш юзасидан чора-тадбирларни белгилашдан иборатдир.

Юқоридаги идоравий тадбирларнинг амалга оширилиши Миллий гвардия тизимида коррупцияга қарши курашиш соҳасида амалга оширилаётган чора-тадбирларнинг самарадорлигини оширишга, ҳар қандай ҳуқуқбузарликларга тоқатсизлик муҳитини яратишга ва аҳоли орасида шахсий таркибнинг обрў-эътиборини янада юксалтиришга хизмат қилмоқда.

Ўз навбатида, Миллий гвардия бўлинмаларида коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни олдини олишга қаратилган ташкилий-ҳуқуқий механизмлар қуйидаги муҳим вазифаларни амалга оширишга шароит яратади:

– кадрларни танлаш ва жой-жойига қўйиш, жанговар-жисмоний тайёргарликни баҳолаш, кадрларни тайёрлаш, моддий-техник таъминлаш, назорат-лицензиялаш, рухсатномалар бериш ва қўриқлаш бўлинмалари, таълим, тиббиёт ва спорт муассасалари ва ҳарбий қисмларда коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган кенг қамровли чора-тадбирларни амалга оширишга;

– бўлинмаларни коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар профилактикасига қаратилган ўқув-услубий ва тарғибот материаллари, тарбиявий ва техник воситалар билан таъминлашга;

– кадрлар, таъминот ва бошқа муҳим масалаларни ҳал этишга ваколатли идоравий комиссиялар томонидан коррупцияга қарши курашиш бўйича таъсирчан чораларни кўришга;

– давлат хизматларини кўрсатишда ошкораликни таъминлаш, ягона электрон иш юритиш тизимини жорий этиш ва идоралараро маълумотлар базаларидан кенг фойдаланишга;

– очиқ турдаги ахборотлар ошкоралигини таъминлаш мақсадида, оммавий ахборот воситалари, фуқаролик жамияти институтлари ва аҳоли билан самарали ҳамкорликни ташкил этишга;

– коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни барвақт аниқлаш ва ўз вақтида бартараф этиш мақсадида, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органлар билан коррупцияга қарши курашиш соҳасида ҳамкорликни йўлга қўйишга;

– бўлинмаларда уй-жой, ҳарбий ва ижтимоий инфратузилма бошқа объектларини қуриш ва сотиб олиш, шунингдек давлат харидларини бюджет маблағларини сарфлаш соҳасида эҳтимолдаги коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни камайтириш бўйича тизимли ишларни бажаришга;

– тизимда кўрилаётган чора-тадбирларнинг самарадорлигини таҳлил ва мониторинг қилиб бориш, коррупцияни келтириб чиқарувчи сабаб ва шароитларни аниқлаш, тизимлаштириш ва бартараф этишни таъминлайди.

Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Юридик таъминлаш ва мурожаатлар
билан ишлаш бошқармаси бошлиғи, юридик фанлари доктори, доцент,
адлия полковниги,  Илхом Турғунов

Савол-жавоб

Сайт ҳақида фикрингиз

Натижаларни кўрсатиш

Ижтимоий тармоқларга юклаш:

Ўзбекистон Республикаси Миллий Гвардияси

МИЛЛАТ МАНФААТЛАРИ ҲИМОЯСИДА