ЎЗБЕКИСТОН ҚУРОЛЛИ КУЧЛАРИ СЕРЖАНТЛАРИНИ БИРЛАШТИРГАН ФОРУМ

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар бўлинмаларида юқори жанговар шайлик ва қатъий ҳарбий интизомга эришишда сержантларнинг ҳарбий маҳоратини ошириш ҳамда барча куч тузилмаларининг вакиллари ўртасида дўстлик ришталарини мустаҳкамлаш, ўзаро тажриба алмашиш мақсадида ҳар чоракда Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси ташаббуси билан Сержантлар форуми ташкил этиб келинади. Навбатдаги Форум Самарқанд вилоятида Миллий гвардия, Мудофаа, Ички ишлар, Фавқулодда вазиятлар вазирликлари, Давлат хавфсизлик хизматининг чегара қўшинлари ҳамда Давлат божхона қўмитасида хизматни ўтаётган сержантларни бир мақсад остида бирлаштирди.

Сержантларнинг ҳарбий хизматдаги фаолиятларини ҳар томонлама рағбатлантириш, замонавий билим ва кўникмалар билан тажрибаларини ошириш ҳамда ижтимоий қўллаб-қувватлашни ўз ичига олган мазкур форумда иштирокчилар, энг аввало, буюк саркарда Амир Темур ҳайкали пойига гул қўйиб, унинг мақбарасини зиёрат қилдилар. Тантанали очилиш маросимида эса Миллий гвардия қўмондони ўринбосари, вилоят ҳокими ўринбосари, Ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши, Нуроний жамғармаси вакиллари ва фахрийлар иштирок этиб, ҳар бир тинчлик посбони буюк бобокалонимизнинг чин авлоди эканлигини таъкидладилар.

Сержантлар форуми давомида куч тузилмаларининг “Биргаликда кучлимиз” шиори остида ҳамкорликни мустаҳкамловчи “Бирдамлик” занжири боғланиб, иштирокчилар давлат умумтаълим мактабларида давлат раҳбарининг 5 та муҳим ташаббуси ижроси юзасидан амалга оширилаётган ишлар ва бевосита сержантлар йўлга қўйган тўгараклар фаолияти билан танишдилар. Шунингдек, куч тузилмаларининг кўргазмали ўқув машғулотлари, қурол-аслаҳалар кўргазмаси ўтказилиб, ҳарбий хизматчилар ўзларининг жанговар ва жисмоний тайёргарлигини ҳаракатланаётган транспортда, яқин ва узоқ масофаларда инновацион ўқ отиш машқларида намоён этдилар.

“Мазкур форумнинг асосий мақсади бутун куч тузилмаларининг сержантларини бирлаштириб, уларни Форум мобайнида нафақат маънавий-маърифий жиҳатдан, балки спорт ва жанговар тайёргарликдан замон талабига мос инновацион тажрибалар алмашиниб, келгусида ҳарбий қисм ва муассасаларимизда амалиётга татбиқ этишлари кўзда тутилган”, ‒ дейди Миллий гвардия қўмондони ўринбосари Ш.Шакиров.

Бундан ташқари, Форум доирасида Миллий гвардия ҳудудий бошқармалари кесимида Сержантлар кенгаши раисларининг йил давомида амалга оширган ишлари юзасидан ҳисоботлар, истиқболдаги режалар ва соҳани такомиллаштириш бўйича асосли таклифлар тақдимоти танлов шаклида ўтказилди. Баҳолаш натижасига кўра Миллий гвардиянинг Самарқанд вилояти бошқармаси бош сержанти 3-ўринни, Фарғона вилояти бош сержанти 2-ўринни, Тошкент вилояти бош сержанти 1-ўринни қўлга киритиб, Миллий гвардия қўмондонлигининг диплом ва совғалари билан тақдирландилар.

Савол-жавоб

Сайт ҳақида фикрингиз

Натижаларни кўрсатиш

Ижтимоий тармоқларга юклаш:

Ўзбекистон Республикаси Миллий Гвардияси

МИЛЛАТ МАНФААТЛАРИ ҲИМОЯСИДА