ТИНЧЛИК ЭНГ АЗИЗ НЕЪМАТ, УНИ АСРАШ ЭСА ШАРАФЛИ БУРЧДИР

Юрт тинчлиги ва фуқароларимиз осойишталигини таъминлаш, уларни террорчилик каби турли таҳдидлардан асрашни ўзига мақсад килиб қўйган Миллий гвардия ҳарбий хизматчиларининг ўқув машғулотлари давом этмоқда.

Хусусан, куни кеча Сурхондарё вилояти бўйича Миллий гвардия бошқармаси ташаббуси билан Термиз туманидаги Учқизил темир йўл станциясида “Террорчилар томонидан темир йўл транспортида гаровга олинганларни озод этиш ва террорчиларни зарарсизлантириш” мавзусида Ички ишлар бошқармаси, Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ва Давлат хавфсизлик хизмати бошқармаси ҳудудий бўлинмалари билан ҳамкорликда махсус-тактик ўқувлари ўтказилди.

Махсус-тактик ўқуви барча бўлинмаларни юқори жанговар шайликка келтиришдан бошланди. Бўлинмалар тайёрлиги ҳақида маълумотлар олингандан сўнг вазифани биргаликда бажаришга киришдилар. Бунда бўлинмаларнинг узоқ масофаларга сафар юриш кўникмаларини ошириш учун ҳаракат давомида сунъий тўсиқлар яратилди ва уларни бўлинмалар муваффақиятли забт этиб, белгиланган марраларга ўз вақтида етиб бордилар. Даставвал юзага келган вазиятни тинчлик йўли билан ҳал этиш мақсадида, террорчилар билан музокаралар олиб борилди. Музокаралар ижобий натижа бермагач, махсус бўлинмалар вазиятга ҳар томонлама аниқлик киритган ҳолда қарор қабул қилдилар. Уйғунликдаги ҳаракатлар натижасида ишғол қилиш орқали гаровдагиларни озод этиш ва шартли террорчиларни зарарсизлантиришга эришилди.

Мазкур ўқувдан мақсад мамлакатимиз тинчлиги, халқимизнинг осуда ва фаровон ҳаётига таҳдид солиши мумкин бўлган ҳар қандай хавф-хатарларнинг ўз вақтида олдини олиш, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва давлат бошқаруви органларининг ҳамкорликдаги бажариладиган вазифаларини мувофиқлаштириш, бўлинмаларнинг амалий кўникмаларини ошириш ҳамда ностандарт вазиятларда тўғри ва оқилона қарор қабул қилиш хусусиятларини мустаҳкамлашдан иборатдир.

Савол-жавоб

Сайт ҳақида фикрингиз

Натижаларни кўрсатиш

Ижтимоий тармоқларга юклаш:

Ўзбекистон Республикаси Миллий Гвардияси

МИЛЛАТ МАНФААТЛАРИ ҲИМОЯСИДА