ОГОҲЛИК – ДАВР ТАЛАБИ

Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси ҳарбий хизматчилари томонидан ватанпарварлик ойлиги мобайнида аҳоли ўртасида олиб борилаётган бир қатор ҳарбий-ватанпарварлик ва маънавий-аҳлоқий тадбирлар қаторида қиш мавсумига доир тарғибот-тушунтириш ишлари ҳам ўтказилиб келинмоқда.

Ёнғинлар профилактикаси кунида мамлакатимизда ёш авлодни ёнғин хавфсизлигини таъминлаш, йўл ҳаракати қоидаларига амал қилиш, ис газидан заҳарланиш, фавқулодда ҳолатларда ҳаракатланиш, табиий газдан хавфсиз фойдаланиш ҳамда бахтсиз ҳодисаларда биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича ушбу йўналишда тарғибот-ташвиқот ишларини кенг кўламда олиб борилишини таъминлаш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Марказий девони мутасадди офицерлари ташаббуси билан ҳамкор вазирлик ва идоралар мутахассисларини жалб қилган ҳолда Юнусобод туманида жойлашган 5-сонли мактабда ўқитувчи ва ўқувчилар иштирокидаги тадбир ўтказилди.

Тадбир давомида Республика шошилинч тез ёрдам маркази қошидаги Тошкент шаҳар тез тиббий ёрдам станцияси, Тошкент шаҳар Фавқулодда вазиятлар бошқармаси қутқарув отряди, Юнусобод тумани ёнғин хавфсизлиги бўлими 18-ҳарбийлаштирилган ёнғин хавфсизлиги қисми, Юнусобод тумани газ таъминоти участкасининг мутахассис ходимлари томонидан кўргазмалар ташкиллаштирилди.

Мазкур тадбирда Юнусобод тумани ёнғин хавфсизлиги бўлими ходимлари томонидан келиб чиқаётган ёнғинларнинг сабаби, уларнинг олдини олиш чоралари, ёнғин содир бўлганда риоя қилиш зарур бўлган қоидалар, совуқ кунларда иситиш мосламаларидан тўғри фойдаланиш талаблари тўғрисида маълумотлар берилди. Шунингдек, қатнашувчиларга ёнғин хавфсизлиги хизматининг махсус анжомлари намойиш этилиб, тушунчалар етказилди.

Юнусобод тумани газ таъминоти участкаси мутахассислари тадбир иштирокчиларига куз-қиш мавсумида табиий газга бўлган эҳтиёж ҳар қачонгидан ҳам юқори бўлишини, табиий газдан хавфсиз ва оқилона фойдаланиш, ис гази билан боғлиқ заҳарланишни олдини олиш борасида тушунчалар бериб ўтилди.

Тошкент шаҳар Фавқулодда вазиятлар бошқармаси қутқарув отряди мутахассислари томонидан фавқулодда вазиятларда фуқароларнинг ўзларини қандай тутишлари ва ҳаракат қилишлари бўйича ўқувчиларнинг назарий кўникмалари оширилиб, ҳозирда қутқарув отрядида мавжуд замонавий қидирув-қутқарув анжомларининг тактик-техник тавсифи бўйича маълумотлар берилди.

Республика шошилинч тез ёрдам маркази қошидаги Тошкент шаҳар тез тиббий ёрдам станцияси шифокорлари томонидан фавқулодда ҳолатларда биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш тартиби, очиқ ва ёпиқ синишлар, куйганда ва ис газидан заҳарланганда биринчи ёрдам кўрсатиш бўйича тушунчалар бериб ўтилиб, замонавий махсус жиҳозланган тез ёрдам машинасининг имкониятлари, тез тиббий ёрдам анжомлари тўғрисида қизиқувчиларга маълумотлар берилди.

Моддий-техник таъминот бошқармаси автоинспексия хизмати бошлиғи томонидан йўл ҳаракатига киритилаётган ўзгартиришлар, йўлларда ва транспорт воситаларида ҳаракатланганда йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилиш бўйича маълумотлар берилди ҳамда видеороликлар кўрсатилди.

Қўшин ва объектлар хавфсизлигини таъминлаш бўлими томонидан Алоҳида қўриқлаш взводи шахсий таркиби учун назорат-ўтказиш жойида хизматни ташкиллаштириш, кириш-чиқиш тартибини амалга ошириш бўйича машғулот ўтказилиб, шахсий таркибнинг назарий ва амалий кўникмалари оширилишига эришилди.

Тадбир якунида соҳа ходимлари иштирокчиларга хизмат техникалари билан бевосита таништириб, махсус жиҳозланган автомобиллардаги имкониятлар ҳақида маълумотлар бериш билан бирга бир қаторда фавқулодда вазиятларни олдини олиш ва ёнғин хавфсизлигини таъминлаш, табиий газдан хавфсиз фойдаланиш борасидаги эслатма ва йўриқномалар тарқатилди.

Хулоса қилиб айтганда, республикамизда юқоридаги тарғибот-ташвиқот тадбирларининг мунтазам равишда олиб борилиши, фуқароларимизни огоҳликка чорлаш, ёнғин ва бошқа фавқулодда ҳолатларда тўғри ҳаракатланиш, табиий газдан хавфсиз фойдаланиш бўйича назарий кўникмаларини оширишга хизмат қилади.

Савол-жавоб

Сайт ҳақида фикрингиз

Натижаларни кўрсатиш

Ижтимоий тармоқларга юклаш:

Ўзбекистон Республикаси Миллий Гвардияси

МИЛЛАТ МАНФААТЛАРИ ҲИМОЯСИДА