ЁШЛАРНИ БИР МАҚСАД ЙЎЛИДА БИРЛАШТИРАЁТГАН ВАТАНПАРВАРЛИК ОЙЛИГИ

Барчага маълумки, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 28 йиллиги ҳамда “Ватан ҳимоячилари” куни муносабати билан “Ватанпарварлик – миллий юксалиш кафолати” шиори остида ватанпарварлик ойлиги эълон қилинган. Ойлик доирасида республикамиз бўйлаб кўплаб маънавий-маърифий тадбирлар бўлиб ўтмоқда.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Наманган вилояти бошқармаси ҳарбий хизматчилари Наманган шаҳридаги 82-ўрта таълим мактабида қишки таътил даврида ташкил этилган тўгаракларга ташриф буюриб, у ердаги ўқувчиларга бугунги ҳарбий хизмат тўғрисида маълумот бердилар. Ташриф давомида ўғил-қизларга мустақиллик йилларида юртимизнинг тинчлиги ва дахлсизлиги учун жон фидо қилган Ватаннинг жасур ўғлонлари қаҳрамонликлари ҳақида сўзлаб бердилар. Шунингдек, рассомчилик ва иншолар танлови ташкил этилиб, энг намуналилари фахрий ёрлиқлар билан тақдирланди.

“Мактабимизга ташриф буюрган Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари бизлар билан қизғин суҳбат қурдилар. Суҳбат давомида улар бизга Қуролли Кучларимиз тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар моҳиятини тушунтириб бердилар. Биз ҳам келажакда Миллий гвардия ҳарбий хизматчиларига ўхшаган Ватан ҳимоячилари бўлишга аҳд қилдик”, ‒ дейди Наманган шаҳридаги 82-мактаб ўқувчиси Шоҳсанам Усмонова.

Яна шундай тадбирлардан бири Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Навоий вилояти бўйича бошқармаси ҳарбий хизматчилари томонидан амалга оширилди. Улар Навоий шаҳридаги Меҳрибонлик уйида камолга етаётган йигит-қизлар билан учрашиб, уларнинг ҳарбий соҳага бўлган қизиқиши билан яқиндан танишдилар. Тадбир доирасида ҳарбий транспорт воситалари ва қурол-аслаҳалар кўргазмаси ташкил этилди. Ўқувчиларга совға қилинган қизиқарли китоблар уларнинг маънавиятини янада юксалтириб, мутолаага бўлган қизиқишларини оширишга хизмат қилади.

Шунингдек, Миллий гвардиянинг Тошкент вилоятида жойлашган махсус бўлинмаси ҳарбий хизматчилари ташаббуси билан Юнусобод туманидаги мактаб ўқувчилари учун ҳарбий қисмда очиқ эшиклар куни ўтказилди. Тадбирда ёшларга Ватанни севиш, унга муносиб фарзанд бўлиш ва Қуролли Кучларимизда ҳарбий хизматни ўташ шараф эканлиги яна бир бор таъкидланиб, Миллий гвардия ҳарбий хизматчиларининг фаолияти акс эттирилган видеороликлар намойиш этилди.

Миллий гвардиянинг Тошкент шаҳри бўйича бошқармаси томонидан “Қахрамонлар ёшларга ибрат” шиори остида Бектемир туманида истиқомат қилаётган Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари Сайдали ота Матисоқов ҳамда у билан қонли жангларда биргаликда жанг қилган сафдоши Абдуваҳоб ота Мадусмоновларнинг ҳолидан хабар олинди. Мазкур тадбирда уруш қаҳрамонлари ўтказган оғир дамлари ҳақида ёшларга сўзлаб бердилар.

Бу каби тадбирлар жойларда давом эттирилмоқда.

Савол-жавоб

Сайт ҳақида фикрингиз

Натижаларни кўрсатиш

Ижтимоий тармоқларга юклаш:

Ўзбекистон Республикаси Миллий Гвардияси

МИЛЛАТ МАНФААТЛАРИ ҲИМОЯСИДА