“БАЛЛИ ЙИГИТЛАР” ЎЗГАЧА КЎРИНИШДА БЎЛИБ ЎТДИ

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида айтиб ўтганидек, “тараққиётга эришиш учун рақамли билимлар ва замонавий ахборот технологияларини эгаллашимиз зарур ва шарт. Бу бизга юксалишнинг энг қисқа йўлидан бориш имкониятини беради. Зеро, бугун дунёда барча соҳаларга ахборот технологиялари чуқур кириб бормоқда”.

Дарҳақиқат, бугунги кунда электрон ҳужжатлар юритиш, дастурлаш  ва онлайн дарсларни ташкил этиш бўйича юртимизда бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Мамлакатимизнинг ҳар бир таълим муассасасида ҳам ёшлар томонидан ахборот технологиялари билимларини чуқур эгаллашлари учун зарур шарт-шароитлар яратилган.

Бу сўзларнинг исботи сифатида куни кеча Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Ҳарбий-техник институтида таҳсил олаётган курсантларнинг ахборот технологиялари ва дастурлаш ишлари бўйича олган билимлари, интеллектуал салоҳияти, ҳуқуқий ва маънавий саводхонлиги, зукколиги ва эпчиллигини синовдан ўтказиш мақсадида “Балли йигитлар” кўрик-танлови ташкил этилди.

Мазкур танловда 1,2,3,4-босқич курсантлари ва муддатли ҳарбий хизматчилардан ташкил топган жамоалар икки босқичда беллашдилар. Дастлабки шартларда жамоаларнинг махсус дастурлар лойиҳаларини тайёрлаш бўйича назарий ва амалий билимлари электрон тарзда баҳоланди. Иккинчи босқичда эса иштирокчилар ҳуқуқий ва маънавий саводхонлигини амалда кўрсатишлари учун эркин мавзуда саҳна кўринишлари тайёрладилар. Хакамларнинг якуний ҳисоб-китобларига кўра 3-босқич курсантларидан ташкил топган “Соҳибқирон” жамоаси ғолибликни қўлга киритди.

‒ “Балли йигитлар” беллашувининг асосий мақсади курсантларнинг ахборот технологиялари соҳасидаги билимлари даражасини ошириш, уларни ҳам маънан, ҳам жисмонан бақувват этиб камолга етказиш, она Юртимизни севиш ва халқаро ареналарда энг илғор давлатлар қаторида бўлишига ҳисса қўшиши лозимлигини англатишдан иборатдир. Биз ўз жамоамиз билан бу кўрик-танловда биринчиликни қўлга киритишга пухта тайёргарлик кўрган эдик ва ғолиб бўлдик, ‒ дейди “Соҳибқирон” жамоаси сардори.

Шунингдек, тадбир давомида ўз чиқишларини намойиш этган институт оркестр жамоаси, бадиий ҳаваскорлик ва жанговар ҳарбий санъат ҳаракатларини намойиш қилувчи гуруҳлар йиғилганларда катта таассурот қолдирди. Танлов сўнгида эса барча ғолиб жамоа ва фаол иштирокчилар турли номинацияларда диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

Савол-жавоб

Сайт ҳақида фикрингиз

Натижаларни кўрсатиш

Ижтимоий тармоқларга юклаш:

Ўзбекистон Республикаси Миллий Гвардияси

МИЛЛАТ МАНФААТЛАРИ ҲИМОЯСИДА