ФАХРИЙЛАРИМИЗ ДОИМО ЭЪЗОЗДА

“Уруш” энг даҳшатли сўзлардан биридир... У тинчлигимизга раҳна солувчи, инсониятнинг ҳаётини хатарга қўйишга қодир жараён... Мана сўнгги бутунжаҳон қонли келишмовчиликнинг барҳам топганига 75 йил бўлди. Иккинчи жаҳон урушида эришилган ғалабага 1,5 миллион нафардан ортиқ юртдошларимиз ўзининг беқиёс ҳиссасини қўшган. Ватанга қайтган уруш қаҳрамонлари ва фронт орти меҳнат фахрийлари эса ҳамиша халқ томонидан эъзозланади.

Шу жумладан, республикамиз бўйлаб Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси ҳарбий хизматчи ва ходимлари ҳам бу каби тадбирларни фаол равишда ташкил этиб келмоқдалар.

Хусусан, куни кеча Навоий вилояти бўйича Миллий гвардия бошқармаси ташаббуси билан бир гуруҳ ҳарбий хизматчилар, жамоат ташкилотлари, Нуронийлар жамғармаси ҳамда Нурота тумани маҳалла фаоллари Навоий вилояти Нурота туманида истиқомат қилувчи Ватанимизнинг тинчлиги учун ўз жонини аямаган фахрийларнинг хонадонларига ташриф буюрдилар.

1-гуруҳ уруш ногирони 98 ёшли Эргашев Турсун бобо, уруш қатнашчилари 94 ёшли Мавлонов Мурот бобо ва Ражабов Фозил боболар хонадонларига ташриф буюрган меҳмонларга дунё халқлари бошига мусибат солган маъшум уруш, ўша оғир кунларни матонат билан енгиб ўтган ота-боболаримизнинг енгилмас иродаси ва чексиз матонати ҳақида сўзлаб бердилар.

Шунингдек, Бухоро вилояти бўйича Миллий гвардия бошқармаси ҳарбий хизматчилари томонидан Иккинчи жаҳон урушида иштирок этган 96 ёшли Вохидов Хомид Вахобовичнинг хонадонига ташриф буюрилди. Ташриф давомида фахрий отахон учун ҳарбий хизматчилар томонидан уруш йилларидаги қўшиқлар ижро этилди.

Учрашувлар давомида ҳарбий хизматчиларга бугунги тинч-осойишта кунларга осонликча эришилмаганлиги, уни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш лозимлиги, юртимизда яратилган шароит ва имкониятлардан тўла фойдаланган ҳолда чуқур билим олиш, яхши касб эгаси бўлиш, шу орқали Ватанимиз тараққиёти учун ҳисса қўшиш ёш авлоднинг муқаддас бурчи эканлиги алоҳида таъкидланди.

Кекса авлод вакилларига кўрсатилаётган бу каби эътибор ва ғамхўрлик мамлакатимизда инсон манфаати, унинг шаъни ва қадр-қиммати ҳамма нарсадан устун эканлигини яна бир карра намоён этади.

Савол-жавоб

Сайт ҳақида фикрингиз

Натижаларни кўрсатиш

Ижтимоий тармоқларга юклаш:

Ўзбекистон Республикаси Миллий Гвардияси

МИЛЛАТ МАНФААТЛАРИ ҲИМОЯСИДА