МУНОСИБ ХИЗМАТГА МОС РАҒБАТ

"Одамларимиз ҳаётини сақлаб қолиш ва эвакуация қилишда Фавқулодда вазиятлар, Ички ишлар ва Мудофаа вазирликлари, Миллий гвардия хизматчилари муҳим роль ўйнади. Бугунги кунда улар авария ва тиклаш ишларига кенг жалб этилган."
 /Ш.Мирзиёев/

Сардоба сув омборида содир бўлган техноген фалокат оқибатларини бартараф этишда ҳамда аҳоли хавфсизлигини таъминлашда кўрсатган қаҳрамонлиги ва жасорати учун Миллий гвардия ҳуддудий бўлинмаларидан бир гуруҳ ҳарбий хизматчи ва ходимлар муносиб тақдирландилар. 

Фуқароларни хавфсиз ҳудудларга эвакуация қилиш, сув тошқини оқибатларини бартараф этиш, аҳоли яшаш пунктларида жамоат тартибини сақлаш ва фуқароларнинг мол-мулкини қўриқлашни таъминлаш, хонадонларда қолиб кетган юкларни кўчириш ва уйларни чиқиндилардан тозалаш, талофат кўрган ҳудудлардан эвакуация қилинган фуқароларнинг хавфсизлиги таъминлаш, ҳужжатлар ва уй ҳайвонларини топиб тегишли чораларни кўриш ҳамда дезинфекция тадбирларига жалб этилган 2700 дан ортиқ ҳарбий хизматчи ва ходимлар рағбатлантирилди.

Хусусан, Миллий гвардиянинг Сирдарё вилояти бўйича бошқармасида бўлиб ўтган тадбирда Миллий гвардия қўмондони биринчи ўринбосари Б.Абдуллаев ва вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари А.Каримов, бошқа ҳудудий бошқармаларда эса жойлардаги мутасадди раҳбарлар иштирок этдилар. 

Миллий гвардия қўмондонининг буйруғига биноан, бир қатор ҳарбий хизматчи ва ходимлар навбатдаги ҳарбий унвонлар, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясининг “Намунали хизматлари учун” кўкрак нишони ва “Фахрий ёрлиғи” билан тақдирландилар. Шунингдек, Сирдарё вилояти ҳокимияти томонидан ҳам қимматбаҳо совғалар топширилди. 

Ўз хизмат мажбуриятларини сидқидилдан адо этаётган муддатли ҳарбий хизматчиларнинг ота-оналарига Миллий гвардия қўмондонлиги номидан миннатдорчилик хатлари юборилди.

Тадбирда Сардоба тумани Учтом МФЙ фаоли Маматқулов Умар ота сўзга чиқиб, Миллий гвардия ходимларининг эвакуация жараёнида ва тозалаш ишларида фуқароларга ёрдам бериш вақтида ўзи гувоҳ бўлгани ҳамда бу улкан жасорат эканлигини таъкидлаб, Миллий гвардия қўмондонлиги ва барча ходимларига ўз миннатдорчилигини билдирди.

Ушбу фожиада ҳалок бўлган сержант Х.Суяровнинг оиласига бўлган алоҳида эътиборни оиланинг яна бир ўғлони А.Суяров акасининг сафдошлари қаторига хизматга қабул қилинишида кўришимиз мумкин. Миллий гвардия сафларида хизмат қилаётган бу каби мард ўғлонларимиз ва жасур қизларимиз жасорати барча касбдошлари ва ёшлар учун Ватанга, халқимизга содиқлик ва фидокорона хизмат қилишнинг намунаси бўлиб қолади.

Савол-жавоб

Сайт ҳақида фикрингиз

Натижаларни кўрсатиш

Ижтимоий тармоқларга юклаш:

Ўзбекистон Республикаси Миллий Гвардияси

МИЛЛАТ МАНФААТЛАРИ ҲИМОЯСИДА