ТОШКЕНТ ВИЛОЯТИ ЗАНГИОТА ТУМАНИДАГИ «НАЗАРБЕК» САНАТОРИЯСИ КОРОНАВИРУС БЕМОРЛАРИНИ ДАВОЛАШ КОМПЛЕКСИГА АЙЛАНТИРИЛДИ

Мамлакатимизга коронавирусни кириб келиши ва тарқалишини олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича Республика махсус комиссиясининг 2020 йил 28 июлдаги 39-сонли баёнига мувофиқ Тошкент вилояти Зангиота туманидаги “Ўзбекистон темир йўллари” Акциядорлик жамияти тасарруфидаги “Назарбек” санаторияси 350 ўринга мўлжалланган коронавирусга чалинган беморларни даволаш комплексига айлантирилди. 
Жорий йилнинг 31 июль куни мазкур даволаш комплексининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда Тошкент вилояти ҳокими ва Миллий гвардия қўмондони, шунингдек, бошқа мутасадди ташкилот раҳбарлари иштирок этди.
Республикамизнинг барча ҳудудлари сингари Тошкент вилоятида коронавирус инфекцияси тарқалишини олдини олиш мақсадида пандемияга қарши курашишга қаратилган ишлар тубдан қайта кўриб чиқилиб, Миллий гвардия қўмондонлиги бошчилигида ушбу ҳудудда коронавирус тарқалишига қарши курашиш ва коронавирус билан касалланганларни даволашга қаратилган чора тадбирлар амалга оширилди.
Хусусан, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Тошкент вилояти ҳокимияти ва бошқа маъсул идоралар билан ҳамкорликда “Назарбек” санаториясида касалланганларни даволаш, тиббиёт ходимларининг фаолият олиб боришлари учун зарур шароитларни яратиш мақсадида, қайта жиҳозлаш ишлари ташкил этилиб, беморларни қабул қилиш учун шай ҳолатга келтирилди. 
Жойлар сони – 350 та ўринга кўпайтирилди, шундан 8 та – ўта оғир, 72 та – оғир ва 270 та енгил ва ўрта даражали беморлар учун мўлжалланган.
Беморларни даволашга жами 90 нафар тиббиёт ходимлари жалб қилинган. Буларнинг 24 нафари врачлар, 42 нафари ҳамшира, 13 нафари кичик тиббиёт ходимлари ва 11 нафари хўжалик ходимларидан иборат.
Бугунги кунда шифохонада 350 нафар беморни даволаш учун талаб этиладиган 3 хил турдаги (ковидни даволашга), бундан ташқари 48 хил турдаги умумий дорилар (пневмонияга, қон босимини тушириш, йўтални даволаш ва ҳоказо) заҳираси жамланди.
Ҳозирда даволаш комплекси қуйидаги зарурий тиббий техника ва анжомлар билан тўлиқ жиҳозланди: 5 та ИВЛ аппарати, 45 та оксегенератор, 100 та Боброва аппарати, 1 дона портатив рентген аппарати, рентген дигизайтер аппарати, 1 та ЭКГ аппарати, 25 дона пульсоксиметр, 4 та функционал кроват, 3 дона кардиомонитор, 4 дона Инфузомат, 1 дона Ларингоскоп, 50 дона Пирометр, 70 дона Штатив, 2 та Дефибриллятор, 2 та каталка, 2 та коляска, 2000 дона ҳимоя комбинезони, 2000 дона ниқоб, 300 дона ҳимоя кўз ойнаги.
Даволаш жараёнини самарали ташкил этиш ҳамда ушбу жараёнда энг илғор тажрибаларни амалиётга тадбиқ этиш мақсадида врачлар учун телемедицина тизими жорий этилди.
Даволаш жараёнига Тошкент тиббиёт академияси кафедра мудири, тиббиёт фанлари доктори, профессор Тешаев Октябр Рухиллаевич раҳбар этиб тайинланди.
Хусусан, тиббиёт ходимларининг беморларга туну-кун сифатли хизмат қилишларини таъминлаш етарли шарт-шароитлар яратилди ва улар учун 180 та алоҳида жой тайёрланди. Врачлар юзага келиши мумкин бўлган ҳар қандай муаммоли масалаларни тезкор ечимини топишда қабулхона ҳамда муассаса хавфсизлигига масъул ходимлар билан ўзаро алоқада бўлишлари учун 15 та портатив радиоалоқа воситалари билан таъминландилар.
Беморлар муолажа даврида хуш кайфиятда бўлишлари ва уларнинг касаллик ҳақидаги ўй фикрлардан ҳоли бўлишини инобатга олиб ҳар бир қаватга мусиқа колонкалари ўрнатилиб, мутахассис психологлар томонидан тавсия қилинган куй-тароналар паст овозда эшиттириш амалиёти ҳам йўлга қўйилган.
Даволаш комплексининг барқарор фаолият олиб бориши учун зарурий бўлган ташкилий, таъминот ва хавфсизлик масалаларини ташкил этиш ва назорат қилиш мақсадида мазкур комплексга Миллий гвардия марказий аппаратидан мутасадди раҳбарлар масъул этиб бириктирилди.
Мазкур объект ҳудудини қўриқлаш ва ҳимоя қилиш учун 26 нафар Миллий гвардия ходими жалб қилинган. 
Даволаш комплекси ҳудудига ва ҳар бир қаватга жами 90 та кузатув камералари ўрнатилиб, монитор маркази ташкил этилди.

Савол-жавоб

Сайт ҳақида фикрингиз

Натижаларни кўрсатиш

Ижтимоий тармоқларга юклаш:

Ўзбекистон Республикаси Миллий Гвардияси

МИЛЛАТ МАНФААТЛАРИ ҲИМОЯСИДА