“Ўзбекистон–2030” стратегиясида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида, Миллий гвардия Ихтисослаштирилган ўқув марказида “Учувчисиз тизимлар – келажак технологиялари” мавзусида республика миқёсидаги илмий-амалий конференция ташкил этилди.
Унда 30 дан ортиқ вазирлик ва идоралар, олий ҳарбий ва фуқаролик таълим муассасаларидан соҳа мутахассислари иштирок этди. Тадбирда замонавий қурол-аслаҳа, ҳарбий ва махсус техникаларни жорий этиш, жанговар ҳаракатларга тайёргарлик кўришда учувчисиз учиш аппаратларидан самарали фойдаланиш, шунингдек, етакчи хорижий давлатлар тажрибасини ўрганиш орқали янги технологияларни қўллаш масалалари муҳокама қилинди.
Конференциянинг назарий қисмида учувчисиз тизимларнинг ҳуқуқий, илмий ва амалий асослари, уларни ҳарбий соҳада қўллаш усуллари, шунингдек, соҳага доир мавжуд муаммолар ва уларнинг ечимига қаратилган таклиф ва тавсиялар кўриб чиқилди.
Тадбирнинг амалий қисмида эса учувчисиз учиш аппаратларини ишлаб чиқарувчи ташкилотлар ва ихтирочиларнинг ишланмалари бўйича махсус кўргазма ташкил этилди. Иштирокчилар томонидан соҳа йўналишидаги долзарб илмий-тадқиқот ишлари тақдим этилди, улар юзасидан фикр алмашилди ва амалиётга татбиқ этиш учун аниқ таклифлар ишлаб чиқилди.
Якунда барча иштирокчилар томонидан билдирган фикр-мулоҳазалар асосида соҳа ривожи учун тегишли таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.