САМАРҚАНД ВИЛОЯТИДА МИЛЛИЙ ГВАРДИЯ ҚЎРИҚЛАШ БОШҚАРМАСИНИНГ ЯНГИ БИНОСИ ФОЙДАЛАНИШГА ТОПШИРИЛДИ
Мамлакатимизда ҳуқубузарлик ва жиноятчиликни ўз вақтида олдини олиш, аҳоли хотиржамлиги ва фаровонлигини таъминлаш мақсадида республикамиз бўйлаб Миллий гвардия Қўриқлаш бошқармалари томонидан кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Юридик ва жисмоний шахсларнинг мол-мулкини ишончли қўриқлаш юзасидан соҳада замонавий технологияларни кенг татбиқ этиш, ходимлар учун муносиб шарт-шароитлар яратиш муҳим аҳамият касб этмоқда.
Шу боис, жорий йилнинг 7 январь куни Самарқанд вилоятида Миллий гвардия Қўриқлаш бошқармасининг Самарқанд туманида жойлашган бўлинмаси маъмурий биносининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда Миллий гвардия Қўриқлаш Бош бошқармаси мутасадди раҳбарлари, ҳудудий бошқарма бошлиғи ҳамда соҳа ходимлари, шунингдек фахрийлар иштирок этишди. Замонавий кўриниш касб этган ва янги имкониятларга эга бўлган мазкур икки қаватли бино тантанали равишда ҳарбий оркесторлар садоси остида фойдаланишга топширилди.
Тадбирда хизмат фаолияти давомида юқори натижаларга эришган, фидоий ва жонкуярлиги билан сафдошларига намуна бўлиб келаётган 5 нафар ходимга навбатдаги офицерлик махсус унвонлари берилди. Шуниингдек, янги бинонинг қурилишида фаоллик кўрсатган ходимлар қимматбаҳо эсдалик совғалари билан тақдирландилар.
Тадбир якунида меҳмонлар ушбу бинода Қўриқлаш хизмати ходимларининг иш самадорлигини ошириш учун яратилган шарт-шароит ва қулайликлар, навбатчилик қисми ва мониторинг хонасида мавжуд замонавий техник-воситалар билан танишдилар.
Таъкидлаш жоизки, ушбу туманда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ҳамда фуқароларнинг фаровон ҳаёт кечиришларини таъмилаш мақсадида видео кузатув камералари ўрнатилган бўлиб, ходимлар томонидан мунтазам кузатув йўлга қўйилган.
Шу билан бирга ходимларнинг мунтазам шуғулланишлари ва касбий билимларини ошириб боришлари учун бинода кутубхона, ўқув хоналари, маънавият ва маърифат хонаси, спорт зал, ижтимоий хизмат кўрсатиш хоналари, тиббиёт хонаси, фуқароларни қабул қилиш хоналари зарур анжомлар билан жиҳозланган.
Хусусан, ходимларнинг стрес ва салбий эмоциялари, руҳий ҳолатини бошқаришда кўмаклашувчи психологик машғулотлар ўтиш хонасида барча қулайликлар мавжуд бўлиб, бу ерда бошқарма психологлари томонидан ҳар бир ходим билан индивидуал суҳбат олиб бориш, ходимларнинг соҳавий малака ва кўникмаларини шакллантириб бориш йўлга қўйилган.
Бу каби имкониятлар ва яратилган қулайликлар ходимлар томонидан жисмоний ва юридик шахсларнинг мол-мулкини ишончли қўриқлашда, фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлашда, содир этилиши мумкин бўлган турли хилдаги кўнгилсизликларнинг олдини олишга ва иш самарадорлигини оширишга хизмат қилади.