AJDODLARIMIZ JASORATI QALBLARDA MANGU
9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан Миллий гвардия томонидан ёш авлодни ватанпарварлик рухида тарбиялаш, қадимий тарихимиз ва маданиятимиз, Ватанимизнинг мустақиллиги ва равнақи йўлида фидокорона курашган миллий қаҳрамонларимиз билан фахрланиш, уларга муносиб авлод бўлиш туйғусини шакллантириш, миллий армиямизнинг қудрати ва салоҳиятига бўлган ишончни кучайтириш мақсадида маънавий-маърифий тадбирлар, давра суҳбатлари ва фахрийлар билан учрашувлар ўтказилиб келинмоқда. Хусусан, жорий йилнинг 5 май куни Миллий гвардия Тошкент шаҳри бўйича бошқармасига бириктирилган Учтепа тумани Тепақўрғон маҳалла ёшлари билан Ғалаба боғи ва Иккинчи жаҳон уруши даврига оид 16 минг экспонатни ўзида жамлаган “Шон-шараф музейи”га саёҳат ташкил этилди.
Музейдаги интерактив маълумотлар улашувчи замонавий электрон қурилма ва шу қаторда минглаб экспонатлар ўқувчи ёшлар учун янгилик бўлибгина қолмай, маънавий-маърифий аҳамият касб этган бўлса ажабмас.
Ушбу саёҳат болаларга матонатли ўзбек аёллари вакили Зулфия Исроилова ва унинг келинлари хотирасига ҳамда генерал-майор Собир Раҳимов ва 13 аскарга қўйилган ҳайкал, урушга жўнатилган ўзбеклар ва ортда қолганлар тақдири ҳақида тасаввур ҳосил қилишларига имкон берди. Шунингдек, боғ ҳудудидаги блиндаж, поезд, асирлар колонияси, самолётлар ва танклар кўргазмаси болаларда катта таассурот қолдирди.
Ташкил этилган мазкур саёҳат давомида ўқувчи-ёшлар Иккинчи жаҳон уруши даврида ота-боболаримиз кўрсатган жасоратлар ҳақида яқиндан танишиб, ўз билимларини бойитиш имкониятига эга бўлдилар.