Республикамиз бўйлаб аҳоли осойишталигини таъминлаш мақсадида пиротехника воситаларининг ноқонуний айланмасига чек қўйишга қаратилган рейд тадбирлари давом эттирилмоқда
Жорий йилнинг 24 декабрь куни олинган хабарга кўра, Фарғона вилояти божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш бўлими ҳамда Миллий гвардия Фарғона вилояти бўйича бошқармаси ходимлари билан ҳамкорликда “Пиротехника воситаларининг ноқонуний муомаласига қарши курашиш” йўналишида тезкор тадбир ўтказилди.
Унда олдиндан кузатувга олинган “Фарғона-Бухоро” йўналишида ҳаракатланаётган “Исузу” русумли автомашина Данғара тумани ҳудудида тўхтатиб текширилганда, автомашина юкхонасида божхона назоратини четлаб олиб кирилган, божхона расмийлаштирувидан ўтганлигини тасдиқловчи ҳужжатлари бўлмаган 5 дона картон коробкаларга солинган дастлабки қиймати 40.680.000 (қирқ миллион олти юзи саксон минг) сўмлик жами 105 660 дона, шулардан 60 дона “Зимний лес” ҳамда 105 600 дона “Британик” номли пиротехника воситалари борлиги аниқланди.
Суриштирув давомида автомашина Бухоро вилояти Ғиждувон туманида яшовчи 35 ёшли фуқаро С.И. бошқарувида бўлганлиги аниқланди. Ҳозирда Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 185 прим. 1-моддасига асосан баённома расмийлаштирилиб, катта миқдордаги пиротехника воситалари ўрнатилган тартибда далилий ашё сифатида олинди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 185 прим. 1-моддасига асосан пиротехника буюмларининг қонунга хилоф муомаласи тақиқланади.