ЁШЛАРНИ БИР МАҚСАД САРИ БИРЛАШТИРГАН СПОРТ ТАДБИРИ
Ёшлар бандлигини таъминлаш ва уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш бугунги куннинг долзарб вазифаларидан биридир. Бугун Тошкент шаҳрининг Миробод туманида Миллий гвардия қўмондонлиги ташаббуси билан ИИБ, шаҳар ва туман ҳокимлиги, ёшлар иттифоқи кенгаши ҳамкорлигида ўтказилган ёшлар ўртасида 5 километр масофага югуриш марафони ҳам айнан шу йўналишга қаратилди.
Ушбу спорт тадбирида ёшларнинг дам олиш кунини мазмунли ўтказиш, улар орасида соғлом ахлоқий-руҳий муҳитни қарор топтириш, жисмоний чиниқтириш ва спорт соҳасида ўз қобилиятларини намоён қилишларига шароит яратиб берилди.
Мазкур марафон “Ким Ватанга содиқ бўлса мендурман ўша!” шиори остида ташкиллаштирилиб, унда Миллий гвардия бўлинмаларининг ҳарбий хизматчи ва ходимлари, ҲТИ курсантлари ҳамда Темурбеклар мактаби ўқувчилари, Миробод тумани фаол ёшлари, Тошкент шаҳридаги уюшмаган ёшлар шунингдек, Бахт шаҳридаги Республика ўғил болалар ўқув-тарбия муассасаси тарбияланувчиларидан иборат жами 400 га яқин иштрокчилар белгиланган масофани босиб ўтишди.
Тадбир якунида марафон ғолиблари ва фаол иштирокчиларга шунингдек, юқори кўрсаткичга эга бўлган жамоаларга диплом ва эсдалик совғалари топширилди.