Янги йил байрами арафасида арзонлаштирилган озиқ-овқат ярмаркаси ташкил этилди
Юртимизда байрамлар арафасида арзонлаштирилган озиқ-овқат ярмаркаларини ташкил этиш яхши анъанага айланган. Шу муносбат билан айни кунларда республикамиз бўйлаб барча корхона ва ташкилотларда озиқ-овқат ярмаркаларининг ўтказилаётгани аҳоли учун катта қулайлик яратмоқда. Жумладан, байрам олдидан озиқ-овқат маҳсулотлари нархининг барқарорлиги ва хавфсизлигини ҳамда халқимизни арзонлаштирилган озиқ - овқат маҳсулотлари билан таъминлаш мақсадида Миллий гвардия марказий девонида ҳарбий хизматчи ва ходимлар ҳамда ҳудуд аҳолиси учун арзонлаштирилган озиқ-овқат ярмаркаси ташкил этилди.
Савдо ярмаркасида ҳудудий таъминот корхоналари ҳамда деҳқон ва фермер хўжаликлари томонидан қорамол гўшти, қўй гўшти, товуқ гўшти, тухум, балиқ, ўсимлик ва пахта ёғи ҳамда ун ҳамда полиз ва дуккакли ўсимлик маҳсулотлари, ҳўл ва қуруқ мевалар, ширинликлар каби маҳсулотларини қулай нархларда ҳарид қилиш имконияти яратилди.
Байрам арафасида бу каби ярмаркаларни ўтказиб борилиши ҳарбий хизматчи ва ходимларнинг вақти тежалишига уларнинг оила аъзоларини эса байрамни тўкин дастурхон ила яхши кайфиятда қарши олишларига кўмак беради.
Кўчма савдо ярамаркасида тадбиркорлар нафақат арзонлаштирилган маҳсулотлари билан ҳаридорларни хурсанд қилишди, балки янги йил шукуҳини улашувчи қорбобо кўринишида савдо-сотиқ қилгани барчага бирдек байрамона кайфият бағишлади.