МИЛЛИЙ ГВАРДИЯ ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИЛАРИГА ЯНГИ ХОНАДОНЛАР ТОПШИРИЛДИ
Нукус шаҳрида жойлашган “Дарбент” маҳалласида замонавий лойиҳалар асосида қад кўтарган янги иморатлар шаҳар чиройига ўзгача кўриниш бахш этмоқда. Ушбу обод маҳалладаги кўп қаватли уйлардан ҳарбий хизматчи ва ходимларга ҳам ҳар томонлама қулай, жаҳон стандартларига мос хонадонларнинг калитлари топширилиши қувонарлидир.
Хусусан, Ўзбекистон Қуролли Кучлари ташкил топганлигининг 29 йиллиги муносабати билан Қорақалпоғистон Республикаси бўйича Миллий гвардия бошқармасида хизмат қилиб келаётган 30 нафар ҳарбий хизматчи ва ходимларга янги қурилган 5 қаватли бинодан 2-3 хонали уйлар калити топширилди.
Тантанали тадбирда Қорақалпоғистн Республикаси Вазирлар Маҳкамаси вакиллари, Миллий гвардия қўмондонлиги ва ҳудудий бошқарма бошлиқлари, ҳарбий хизматчи ва ходимларнинг оила аъзолари ҳамда жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Тадбирда сўзга чиққанлар юртимизда ҳарбий хизматчиларга яратилиб берилаётган имкониятлар ҳақида тўхталиб, бунга жавобан юрт тинлиги ва халқимиз осойишталигини таъминлаш йўлида уларнинг қасамёдига содиқ қолган ҳолда садоқат билан хизмат қилишларига ишонч билдирдилар.
Байрам тадбири санъаткорларнинг куй-қўшиқлари билан давом этди.