Мамлакатимиз бўйлаб, ҳуқуқбузарликлар ва жиноятчиликни барвақт олдини олишга қаратилган ҳамкорликдаги "Долзарб 40 кунлик" махсус профилактик тадбирлари давом этмоқда
Миллий гвардия Наманган вилояти бўйича бошқармаси ҳарбий хизматчилари фуқаролар билан бозорларда, хиёбон ва шаҳар кўчаларида профилактик суҳбат ўткизишмоқда. Йўл ҳаракати қоидалари ҳақида эслатиб, олов ва ис гази билан боғлиқ бахтсиз ҳодисалардан сақланиш тўғрисида тушунтириш ишлари олиб бормоқдалар. Шунингдек, гвардиячилар фуқароларни табиатни асраш ва дуч келган жойга чиқинди ташламасликга чақириб, акс холда маъмурий қонунчиликда белгилангандек жавобгарликка тортилиши тўғрисида огоҳлантирилмоқда. Тунги вақтларда ИИВ ходимлари билан биргаликда фуқаролар тинчлигини бузган шахсларни аниқлашмоқда. 23.00 дан 6.00 гача бўлган вақт оралиғида баланд мусиқа овози, баланд овозда сухбат, кулгу ёки жанжаллар билан фуқароларнинг тинчлигини бузаётганларга нисбатан маъмурий баённомалар тузишмоқда.
Янги йил байрами арафасида ноқонуний пиротехника воситаларининг айланмасига чек қўйиш бўйича тушунтириш ва тарғибот ишлари кучайтирилди. Фуқаролар, айниқса ёшлар ва ўсмирлар билан салют, петардалардан фойдаланишнинг салбий оқибатлари тўғрисида суҳбатлардан ташқари, Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари ва ходимлари пиротехника воситаларининг айланмасини аниқлашмоқда.
20 декабрь куни Фарғона шаҳридаги марказий Деҳқон бозорида Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари бозорга келганлардан бирини пиротехника воситасини сотмоқчи бўлганликда гумон қилишди. Текширув натижасида фуқаро М. Ж. да 10 дона қутида жами 600 дона “Трения” ва 6 дона “Соловей-разбойник” пиротехника воситаси борлиги аниқланиб мусодара қилинди. Мазкур ҳодиса юзасидан М.Ж. га нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 185-1 моддасида назарда тутилган маъмурий баённома тузилди.
Ундан ташқари, жамоат тартибини таъминлаш, криминоген вазиятни барқарорлаштириш ҳамда ҳуқуқбузарлик ва жиноятни ўз вақтида олдини олиш мақсадида республикамиз бўйлаб “Долзарб 40 кунлик” махсус профилактик тадбирлари ўтказилмоқда.
Жумладан, Фарғона вилоятининг шаҳарларида, вилоят марказидан бошлаб, Марғилонда, Қўқонда ва бошқа шаҳар ва туманларда, тунги вақтдаги хизматга киришишдан аввал ИИВ, Миллий гвардия, ФВВ ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ва куч тузилмалари биргаликда куч ва воситаларини тақсимлаб олишди. Кўрсатмалардан сўнг гуруҳлар криминоген ҳолат таҳлили асосида олдиндан белгиланган жойларга, аҳоли зич жойлашган ҳудудлар ва “қизил” тоифага киритилган маҳаллаларга патруллик қилишга чиқишмоқда.
Миллий гвардия, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва тиббиёт ходимлари ҳамкорлигидаги ўқув машғулотлари бўлиб ўтмоқда. Жумладан, қиш фаслининг илк кунларидан яшаш ва иш жойларини иситиш учун иссиқлик манбаларидан фойдаланиш зарурати ортиб бораётган шу кунларда Миллий гвардия ҳарбий хизматчи ва ходимлари аҳоли ўртасида ёнғин ва ис газидан заҳарланишнинг олдини олиш бўйича профилактик тадбирларда иштирок этмоқда. Мазкур тадбирларда Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг ҳудудий бўлинмалари мутахассислари, тиббиёт ходимлари билан ҳамкорликда бўлиб ўтмоқда. Фуқаролар билан суҳбатлар ўтказилиб, Миллий гвардия ҳарбий хизматчи ва ходимлари билан эса ёнғин содир бўлганда амалга ошириладиган ҳаракатларни машқ қилиш, жабрланганларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш кўникмалари бўйича машғулотлар ўтказилмоқда.
Бухоро вилоятида фавқулодда вазиятлардаги ҳаракатларни мустаҳкамлашга қаратилган қўшма тактик-махсус ўқув машғулотлари ўтказилди. Машғулотлар Бухоронинг бош арчаси ўрнатилган Ёшлар маркази рўпарасидаги майдонда бўлиб ўтди. Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари, Бухоро вилояти ички ишлар органлари ва фавқулодда вазиятлар бошқармаси ходимлари, шунингдек, тиббиёт муассасалари ходимлари ёнғин содир бўлганда тезкор ҳаракатланиш, фуқароларни эвакуация қилиш ва унинг оқибатларини бартараф этиш, ёнғин хавфсизлигини таъминлаш бўйича кўникмалар ҳамда жабрланганларга биринчи ёрдам кўрсатиш ва жамоат жойларида жамоат тартибини бузиш ҳолатларини бартараф этиш бўйича машғулот олиб бордилар.
Бундай тадбирлар республикамизнинг барча вилоятларида ўтказилмоқда.