САЙХУНОБОД ВА ОҚОЛТИН ТУМАНЛАРИДА ВАТАНПАРВАРЛИК ОЙЛИГИ ТАДБИРЛАРИ
Миллий гвардия Сирдарё вилояти бошқармаси ҳарбий хизматчилари ҳамда ходимлари ташаббуси билан Сирдарё вилояти Сайхунобод ва Оқолтин тумани умумтаълим мактабларида 300 дан ортиқ ўқувчи ёшлар иштирокида “Ким ватанга содиқ бўлса мендурман ўша” шиори остида тадбирлар ўтказилди.
Тадбир бошида давлатимиз мадҳияси янграган заҳоти барча иштирокчиларнинг юрагида фахр ва ифтихор туйғулари жўш урди. Ҳарбий хизматчиларнинг жанговар санъат намуналари ва кўргазмали қурол-аслаҳа намойиши мактаб ўқувчиларида катта қизиқиш уйғотди.
Спорт мусобақалари эса ёшларни бир мақсад йўлида бирлаштириб, ғалабага ундади. Спортнинг турли йўналишларида ўтказилган мусобақаларда фаол иштирок этган ёшлар қувончдан ҳатто чарчоқни ҳам сезмадилар. Мусобақалар иштирокчиларга бир олам унутилмас ёрқин хотиралар ҳадя этди.