Ватанпарварлик ойлиги доирасида республика бўйлаб ўсмирлар ва ёшлар иштирокида ҳарбий-ватанпарварлик тадбирлари ўтказилмоқда
14-январ – Ватан ҳимоячилари куни арафасида Миллий гвардия томонидан ватанпарварлик ойлиги доирасида республика бўйлаб тадбирлар ўтказилмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 29-июндаги “Ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ишлари самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги Қарори ижросини таъминлаш мақсадида Бухоро шаҳридаги 35-сонли умумтаълим мактабида Миллий гвардия Бухоро вилояти бўйича бошқармаси ҳарбий хизматчи ва ходимлари томонидан ўқувчилар учун “Янги Ўзбекистон армияси - мамлакат қудрати, юксак ғурур ва садоқат тимсолидир!” шиори остида тадбир ташкил этилди. Гвардиячилар болаларга ҳарбий хизмат, жисмоний ва жанговар тайёргарлик машғулотлари қандай ўтаётгани, тартиб-интизомни сақлашнинг аҳамияти ҳақида сўз юритиб, кўплаб саволларга жавоб бердилар. Мактаб ўқувчилари учун физика-математика, география ва тарих фанларини ўрганиш нима учун зарурлиги, бу билимлардан ҳарбийлар томонидан қандай фойдаланилиши ҳақида маълумот олиш қизиқарли ва фойдали бўлди. Болалар ҳарбий хизматчиларнинг кўргазмали чиқишларини ҳайрат билан томоша қилишди ва ҳатто уларга қўл жанги ва ўзини ҳимоя қилишнинг оддий усулларини ўргатишларини сўрашди.
Навоий вилоятида ҳам “Ватанпарварлик ойлиги” бошланиши тантанали равишда эълон қилинди. Мудофаа вазирлиги ва Миллий гвардия, Ички ишлар органлари ҳамда бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ҳамда куч тузилмаларидаги ҳарбий хизматчилардан саф тортиб вилоят маркази – Навоий шаҳри бўйлаб тантанали юриб ўтдилар. Ватан ҳимоячилари навоийликлар ва меҳмонларга Қуролли Кучлар тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар, юрт ва халқ хавфсизлигини қўриқлаш йўлида мардларча хизмат қилаётган қаҳрамонлар, Ватан тинчлиги ва осойишталиги йўлида жон фидо қилганлар ҳақида сўзлаб берди. Тадбир доирасида ёшлар учун камондан отиш бўйича маҳорат дарслари ўтказилди. Конимех туманида эса Миллий гвардиянинг Навоий вилояти бўйича бошқармаси аёл ҳарбий хизматчилари 8-умумтаълим мактабнинг ўқувчи қизлари билан учрашув ўтказди. Учрашув ўқувчиларнинг ташаббуси билан ўтказилди: кўплаб қизлар ҳарбий хизматга қизиқиш билдирганлиги сабабли, улар Жамоат хавфсизлиги университетига қизларни қабул қилиш шартлари, абитуриентлар қандай имтиҳонлардан ўтишлари ва умуман, қизларнинг Миллий гвардия сафида қандай хизмат қилишларини билишни хоҳлашди. Ўқувчи қизлар, ўз навбатида, меҳмонларга мактаб ва спортдаги муваффақиятлари, севимли китоблари ва севимли машғулотлари ҳақида сўзлаб беришди.
Жиззах шаҳрида Ватанпарварлик ойлиги бошланиши муносабати билан шаҳарнинг марказий майдонида Мудофаа вазирлиги, Миллий гвардия ҳамда бошқа хавфсизлик ва ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари иштирок этган тадбир бўлиб ўтди. Тадбирда сўзга чиққанлар, йиғилганларга ўз касблари, “Ватанпарварлик ойлиги”нинг аҳамияти ҳақида сўзлаб бердилар. Тадбирнинг бадиий қисмида ҳарбий оркестр ижросидаги марш ва куй-қўшиқлар, фахрий қоровул, қўл жанги усталари томонидан кўргазмали чиқишлар намойиш этилди. Шаҳар маданият уйи санъаткорлари томонидан Ватанни мадҳ этувчи куй-қўшиқлар янгради.