Сурхондарё вилоятида ўсмирлардан катта миқдордаги пиротехника маҳсулотлари олиб қўйилди.
Ангор туманида Миллий гвардия бошқармаси ҳарбий хизматчилари ва божхона қўмитаси ходимлари томонидан туманда ўтказилган қўшма тезкор-профилактик тадбирлар чоғида 3 нафар маҳаллий фуқаро пиротехника воситаларининг ноқонуний муомаласи билан шуғулланаётгани ҳақида маълумот келиб тушган. Маълумотлар ўрганилганда, гумонланувчилар вояга етмаган 16 ёшли Ш.М. ва А.А. ҳамда 15 ёшли М.Х.лар эканлиги аниқланиб, улардан умумий қиймати 1 миллион 440 минг сўмлик ҳар хил турдаги пиротехника воситалари топилиб, белгиланган тартибда олиб қўйилган.
Ўсмирлар ва уларнинг ота-оналари билан профилактик суҳбат ўтказилиб, ноқонуний хатти-ҳаракатларнинг ҳуқуқий оқибатлари тушунтирилди. Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан вояга етмаганларни ноқонуний фаолиятга жалб этган шахсни аниқлаш юзасидан терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда.