ҲАРБИЙ ТАЪЛИМ СОҲАСИДАГИ ХАЛҚАРО ҲАМКОРЛИК
Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Халқаро ҳамкорлик бошқармаси томонидан ҳарбий кадрларни тайёрлаш соҳасида икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида жорий йилнинг 4 февраль куни Туркиянинг Ўзбекистондаги Элчихонаси ҳузуридаги Ички ишлар маслаҳатчиси полковник Мустафа Авжи ва Элчихона ҳузуридаги хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчиси Нежат Билнинг Миллий гвардия Ҳарбий-техник Институтига ташрифи ташкил этилди.
Ташриф мобайнида Туркия Элчихонасининг вакиллари Институт раҳбарияти, ўқитувчилари ва курсантлари билан учрашиб, ҳарбий таълим муассасасининг фаолияти ва инфратузилмаси билан яқиндан танишиб чиқдилар.
Ўз навбатида, Туркиянинг Ўзбекистондаги Элчихонаси ҳузуридаги Ички ишлар маслаҳатчиси полковник Мустафа Авжи томонидан Институтнинг профессор-педагогик таркиби ва курсантлари учун Туркия Республикаси Жандармериясининг фаолияти, тузилмаси, вазифа ва мажбуриятлари, шунингдек, ҳарбий кадрларни тайёрлаш, жамоат тартиби ва хавфсизлигини таъминлаш ҳамда алоҳида объектларни қўриқлаш тизими борасида турк тажрибаси билан таништирувчи маълумотлар тақдимоти ўтказилди.
Бўлиб ўтган учрашув якунида томонлар курсантларни ўқитиш ва илмий-тадқиқот фаолияти бўйича таълим соҳасидаги ҳамкорликни ўрнатиш ҳамда ривожлантириш, шунингдек, Ҳарбий-техник Институти ва Туркия Жандармерияси Академияси ўртасида ўзаро ҳамкорлик Меморандумини имзолаш масалаларини ишлаб чиқишга келишдилар.
Шу билан бирга, дўстона руҳда кечган ташриф мобайнида меҳмонлар учун фахрий қоровул ҳамда қўл жанги бўйича кўргазмали чиқишлар намойиш этилди.