Спорт вазирлигида, Туркиянинг Бурса шаҳрида эркаклар ва аёллар ўртасида Қўл жанги бўйича Жаҳон чемпионатида ва Грециянинг Лутраки шаҳрида Бутунжаҳон спорт ўйинларида мутлоқ устунлик билан юртимизга қайтиб келган спортчилар ва уларнинг мураббийларини тақдирлашга бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди
Мазкур тантанали тадбирда Спорт вазири А.Икрамов, Ўзбекистон Миллий Олимпия Қўмитаси раиси биринчи ўринбосари О.Умаров, Ўзбекистон Миллий Олимпия Қўмитаси бош котиби О.Қосимов, Қўл жанги федерацияси раиси - Миллий гвардия қўмондони Р.Джураев, Ички ишлар вазирининг ўринбосари Д.Назармуҳаммедов, Давлат хавфсизлик хизмати раиси ўринбосари Д.Анарқулов, Президент Давлат хавфсизлиги хизмати раиси биринчи ўринбосари А.Мўминов, Мудофаа вазирининг ўринбосари Қ.Турсунов, Божхона қўмитаси раиси ўринбосари О.Чориев ҳамда бошқа соҳага оид мутасадди раҳбарлар иштирок этишди.
Спорт вазири А.Икрамов тадбирни очиб бериб, кириш сўзида барчани ушбу ғалаба билан муборакбод этди ва бу ютуқлар, аввало, Юртбошимиз – Ўзбекистон Миллий Олимпия Қўмитаси раиси Шавкат Мирзиёевнинг кенг кўламли, оқилона ва истиқболли сиёсатлари, хусусан соҳани юксалтиришга қаратаётган эътиборлари ва яратиб берган шарт-шароитлари самараси эканлигини эътироф этган ҳолда сўнги йилларда спорт соҳасида амалга оширилаётган ишлар ва эришилаётган ютуқларни санаб ўтди.
Юқорида билдирилган фикрларни Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари Қўл жанги федерацияси раиси-Миллий гвардия қўмондони Р.Джураев қўллаб қувватлаган ҳолда, Давлатимиз раҳбари томонидан 2022 йил 20 июлда “Қўл жанги спорт турини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғриси”да 287-сонли тарихий қарор қабул қилиниши, спортчиларни халқаро даражада тайёрлаш учун мустаҳкам пойдевор бўлиб мутлақо янги тизим яратилишига кенг эшиклар очиб берганига алоҳида урғу берди.
Хусусан, жорий йилнинг 30 май - 1 июнь кунлари Туркиянинг Бурса шаҳрида эркаклар ва аёллар ўртасида ўтказилган қўл жанги бўйича Жаҳон чемпионатида 32 давлатдан 400 дан ортиқ қўл-жангчилар иштирок этганлиги ва ушбу чемпионатда Ўзбекистон терма жамоаси спортчилари 10 та олтин, 5 та кумуш ва 5 та бронза медалларини қўлга киритиб умумжамоа ҳисобида фахрли 1-ўринни (2-ўринни Россия, 3-ўринни Қозоғистон жамоалари эгаллади) эгаллаганликлари бунга яққол мисол бўла олиши ҳақида фикр билдирилди.
Бунинг мантиқий давоми сифатида, навбатдаги ғалаба, қўл жанги бўйича Ўзбекистон терма жамоаси томонидан Грециянинг Лутраки шаҳрида 3 – 8 июнь кунлари бўлиб ўтган Бутунжаҳон спорт ўйинлари мусобақаларида қўлга киритилганлиги муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.
Унда дунё бўйлаб 60 га яқин давлат спортчилари 28 та спорт йўналиши бўйича беллашган бўлса, «Қўл жанги» мусобақасида Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари жами 13 та олтин, 3 та кумуш ва 1 та бронза медалларини қўлга киритиб умумжамоа ҳисобида фахрли 1-ўринни (2-ўринни Украина, 3-ўринни Германия терма жамоалари ) эгаллаган ҳолда спортчиларимиз дунёда етакчиликлик қилаётганлигини яна бир бор исботлагани ҳақида сўз юритилди.
Ўзбекистон Миллий Олимпия Қўмитаси раиси биринчи ўринбосари О.Умаров томонидан, Ўзбекистон Қуролли Кучлари ва Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар таркибига кирувчи вазирлик ва идоралар ходимларидан иборат қўл жанги усталари ўзларининг ватанпарварлиги, интизоми, шижоати ва садоқати билан барча спортчиларга намуна бўлиб келаётганликлари ҳамда бу жиҳатларни ёшларга сингдиришда кўмакдош эканликлари алоҳида таъкидланиб бу борада спорт федерациялари ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш юзасидан фикр мулоҳазалар билдирилди.
Шундан сўнг, анъанага кўра, Спорт вазири, А.Икрамов, Ўзбекистон Миллий Олимпия Қўмитаси раиси биринчи ўринбосари О.Умаров, Қўл жанги федерация раиси - Миллий гвардия қўмондони Р.Джураев ҳамда Ўзбекистон Қуролли Кучлари ва Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар таркибига кирувчи вазирлик ва идоралар мутасадди раҳбарлари томонидан халқаро мусобақаларда ғолиб бўлган ва фаол иштирок этган спортчилар, мураббийлар, ҳакамлар ҳамда федерация штаб аъзолари муносиб тақдирландилар.
Тадбир якунида, мазкур тарихий ғалабаларга ҳисса қўшган спортчиларга, мураббийларга, ҳакамларга ва Қўл жанги федерацияси жамоасига яна бир бор миннатдорлик билдирилиб, бу каби ғалабалар бардавом бўлишига катта ишонч билдирилди.