Миллий гвардия Тошкент вилояти бўйича бошқармасида ташкиллаштирилган Республика илмий-амалий конференцияси, куч тузилмалари мутахассислари учун тажриба алмашиш майдони бўлди
Миллий гвардия Тошкент вилояти бўйича бошқармаси базасида 2025 йил 20-21 август кунлари “Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси қўшинларида жанговор ва махсус тайёргарлик бўйича амалга ошираётган ислоҳотлар, мавжуд муаммо ва таклифлар” мавзусидаги республика илмий-амалий конференцияси бўлиб ўтди.
Унда Миллий гвардия қўмондонлиги, Ички ишлар, Мудофаа, Фавқулотда вазиятлар вазирликлари, Божхона қўмитаси, Стратегик таҳлил ва истиқболни белгилаш олий мактаби ва ҳарбий олий таълим муассасалари профессор ўқитувчилари ҳамда курсантлар иштирок этишди.
Тадбирни Миллий гвардия қўмондони ўринбосари полковник А.Сормонқулов кириш сўзи билан очиб бериб, ушбу конференция давомида кўриб чиқиладиган масалалар, куч тузилмалари ўртасидаги ҳамкорликни янада мустахкамлашда муҳим аҳамият касб этиши ҳақида сўз юритди.
Шуни таъкидлаш жоизки, ушбу мавзуга бағишланган илмий-амалий конференцияда бўлинмаларда мавжуд муаммоларга ечим топиш, тайёргарлик тизимини янада такомиллаштириш, ҳамкорликдаги вазирлик ва идоралар билан тажриба алмашиш, бўлинмаларда машғулотларни ташкиллаштириш бўйича хорижий давлатлар тажрибасидан олинган билим ва кўникмаларни намоён этиб, бўлинмаларга татбиқ этиш ва келгусида амалга оширилиши лозим бўлган ишлар тизимини яратиш мақсад этиб белгиланди.
Анжуман давомида сохага оид мутахассислар томонидан, замонавий қуролли можаролар, хавфсизлигимизга мавжуд таҳдидларга муносиб қаршилик кўрсата олиш, ҳарбий хизматчиларни профессионал тайёргарлигини янада такомиллаштириш, бўлинмаларни доимий жанговар шай ҳолатда ушлаб туриш замирида жанговар ва махсус тайёргарликни ўрни тўғрисида маърузалар қилинди.
Халқаро тажрибани ўрганган ҳолда жанговар ҳаракатларнинг тактик жихатлари бўйича кўргазмали ўқув материаллари асосида интерактив тарзда таклифлар берилди. Шунингдек, сунъий интелект, киберхавфсизлик ва дронлардан фойдаланишнинг замонавий кўриншлари ҳақида ҳам маълумотлар тақдим этилди.
Икки кун давом этган конференциянинг амалий қисмида Миллий гвардия бўлинмаларида мавжуд қуроллар, машғулотларни ташкиллаштиришнинг замонавий усуллари, янгича тактик ҳаракатлар амалда намойиш этилди.
Баҳс ва мунозараларга бой ўтган мазкур илмий-амалий конференция якунида келгусида куч тузилмалари ўртасидаги ҳамкорликни янада кучайтиирган ҳолда, биргаликда ўтказиладиган ўқув йиғин ва машғулотлар тўғрисида бир қатор масалалар келишиб олинди.
Тадбир сўнгида ўз маъруза ва таклифлари билан иштирок этган ҳамкор вазирлик ва куч тузиламалари вакиллари Миллий гвардия қўмондонлиги томонидан муносиб рағбатлантирилди.