Аҳоли муаммоларини ўрганиш ва уларни ечимини топиш, ҳудудларда криминоген вазият барқарорлигини таъминлаш юзасидан Давлатимиз раҳбарининг топшириқларига асосан Миллий гвардия қўмондони генерал-майор Р. Джураев бошчилигидаги идоралараро ишчи гуруҳ жорий йилнинг 6 март кунидан Самарқанд вилоятида ўз фаолиятини бошлади
Тадбир мобайнида Ишчи гуруҳ томонидан вилоят аҳолисининг ижтимоий-маиший муаммоларини аниқлаш ва бартараф этиш, соғлиқни сақлаш, жамоат тартибини ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ҳамда криминоген вазиятни янада барқарорлаштириш, шунингдек аҳоли бандлиги ва тадбиркорлар учун яратилган шароитлар каби долзарб масалаларга асосий эътибор қаратилмоқда.
Бугун Миллий гвардия қўмондони Р.Джураев ҳамда вилоят ҳокими Э.Турдимов раислигида видео-селектор тарзидаги йиғилиш бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси, Ички ишлар ва Адлия вазирликлари, Бош прокуратура, унинг ҳузуридаги Департамент, Солиқ қўмитасидан раҳбар ва масъул ходимлар, шунингдек, вилоят сектор раҳбарлари, Миллий гвардиянинг соҳавий хизматлари ҳамда бошқа мутасадди идоралар масъуллари иштирок этишди.
Йиғилишда аҳолининг муаммоларини ўрганиш ва уларни бартараф этишда, ишчи гуруҳга вилоятнинг барча мутасадди раҳбарлари яқиндан ёрдам кўрсатиши, аниқланган муаммоларни бартараф этишга қаратилган асосли таклифларини тезкор штабга тақдим этишлари юзасидан топшириқлар берилди.
Шундан сўнг, Миллий гвардия қўмондони вилоят ҳокими билан биргаликда жойларга чиқиб, аҳоли бандлиги ва тадбиркорлар учун яратилган шароитларлар ҳолати, IT йўналишида ёшлар учун яратилган шарт-шароитлар ҳамда ушбу йўналишларда аниқланган муаммоларни тизимли ечимини топиш ва бартараф этиш бўйича ташкил этилган ишчи гуруҳнинг тезкор штаб фаолияти билан танишдилар.
Шунингдек, туман ва маҳаллаларда фаолияти йўлга қўйилган “бешлик”нинг аҳоли мурожаатлари билан ишлаш аҳволи ўрганилиб, масъулларга тегишли вазифалар белгиланди.
Идоралараро ишчи гуруҳ фаолияти Самарқанд вилоятида давом этмоқда.