Айрим ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарга расмий изоҳ
Ижтимоий тармоқларда Миллий гвардия тасарруфидаги «Темурбеклар мактаби» ҳарбий-академик лицейида ўқувчиларга мобил телефонлардан фойдаланиш уставга мувофиқ чеклангани ҳақида аноним муаллифнинг эътирози муҳокама қилинмоқда.
Маълум қилиш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 28 июндаги қарорига мувофиқ, мазкур лицейнинг асосий вазифаси Қуролли Кучлар ва давлат хизмати учун муносиб кадрлар захирасини тайёрлашдан иборат. Шу боис ўқув-тарбия жараёнида интизомга алоҳида эътибор қаратилган.
Низомга кўра, белгиланган кун тартиби ва ўқув машғулотлари давомида мобил телефонлардан фойдаланишга йўл қўйилмайди. Бироқ ўқувчиларнинг бўш вақтларида ўрнатилган тартибда лицейда мавжуд телефонлардан фойдаланишлари учун рухсат берилади.
Шунингдек, «Темурбеклар мактаби»га ўқишга кириш қатъий танлов асосида амалга оширилади ва ўқувчилар ҳамда уларнинг ота-оналари ўқиш жараёнида юқори талаблар қўйилишини олдиндан англаб, бунга онгли равишда рози бўладилар.