Амир Темур хиёбонида Миллий гвардия “Темурбеклар мактаби” ва Ҳарбий-мусиқа академик лицейи ўқувчиларининг тантанали ваъдасига бағишланган маросим бўлиб ўтди.
Амир Темур хиёбони – халқимиз учун катта ифтихор манбаи ва миллий ғурур бахшида этадиган маскан бўлиб, бу муқаддас жойда Ватанга садоқат ваъдасини бермоқ – ёш авлоднинг Янги Ўзбекистон тараққиёти йўлидаги юксак мақсадлар сари қадам қўймоқдир.
Ўқувчи ёшлар учун унутилмас кун, тантанали ваъдасига бағишланган ушбу тадбирда Миллий гвардия қўмондони Р.Джураев, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Халқаро ишлар, мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси депутати Х.Хаитов, Республика Ҳарбий прокурорининг биринчи ўринбосари Қ.Исроилов, Тошкент шаҳар ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Д.Раҳимова, шунингдек, Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ёшлар ишлари агентлиги, Ички ишлар вазирлиги Қоровул қўшинлари ва Тошкент шаҳар прокуратураси мутасадди раҳбарлари, фахрийлар, ота-оналар ва пойтахтимиз меҳмонлари бўлган чет-эл сайёҳлари иштирок этишди.
Ёшларимиз ўз ота-оналари ва яқинлари гувоҳлигида қилган тантанали ваъдалари юксак фахр ва ғурур рамзи эканлигини ҳис қилиб, ушбу таълим муассасаларида ҳарбий либос кийган ҳолда ўқишни давом эттириб, олий мақсадлари сари қадам қўйишди.
Тадбир давомида сўзга чиққанлар, кўзларида олов чақнаб турган ўғил-қизларни тантанали ваъдаси билан қутлаб, Янги Ўзбекистоннинг эртанги истиқболи ёш авлод қўлида эканлигини ёдга олган ҳолда сафда турган ёшлар зиммаларидаги бурч ҳамда масъулиятни муносиб оқлашлари учун, Ватанимиз равнақи ва фаровонлиги учун сидқидилдан билим олишлари зарурлигини таъкидлашди.
Шу билан бирга, Миллий гвардия қўмондонлиги томонидан ўқитишнинг янги тизими жорий этилиши натижасида “Темурбеклар мактаби” битирувчиларининг олий таълим муассасаларига кириш кўрсаткичи 98,6 фоизни ташкил этганлиги, хусусан 143 нафар битирувчилардан 141 нафарининг Олий ҳарбий ва Олий таълим муассасаларига, ҳарбий мусиқа академик лицей битирувчиларининг эса олий таълим муассасаларига кириш кўрсаткичи 86,5 фоизни ташкил этиб
37 нафар битирувчиларнинг 32 нафари Олий ҳарбий ва Олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилинганлиги алоҳида эътироф этилди.
Ота-оналар номидан сўз олганлар эса давлатимиз томонидан ёшлар таълим-тарбияси, уларнинг келажак мақсади ва истиқболи йўлида яратиб берилаётган улкан имкониятларни эътироф этишиб юртбошимизга ўз миннатдорчилигини билдиришди.
Маросимнинг бадиий қисмида Миллий гвардия ҳарбий мусиқа академик-лицейи ўқувчиларининг “Зарбли чолғулар ансамбли”нинг дефиле чиқиши ва “Темурбеклар мактаби” ўқувчиларининг қўл жанги бўйича кўргазмали чиқишлари барчага байрамона кайфият улашди.