“ҲАРБИЙ ҚИСМДАГИ БИР КУНИМ!”
Куни кеча Ватанпарварлик ойлиги доирасида Миллий гвардия Ихтисослаштирилган ўқув марказида Тошкент шаҳар Қўриқлаш бошқармаси, Яшнобод туман ҳокимлиги ва туман МИБ билан ҳамкорликда ёшларни спортга кенг жалб қилиш ва ҳарбий-ватанпарварлик туйғуларини янада ошириш мақсадида “Ҳарбий қисмдаги бир куним!” шиори остида очиқ эшиклар куни ташкиллаштирилди.
Ушбу тадбирга пойтахтимизнинг Яшнобод туманида жойлашган 170-мактаб ўқувчилари ва туман ёшлари ташриф буюрдилар. Тадбирдан кўзланган мақсад ёшларни ҳарбий касбга йўналтириш, уларнинг онгу тафаккурига Ватан ҳимояси шарафли ва муқаддас бурч эканини, миллий армиямиз билан фахрланиш, давлат хавфсизлигини ҳимоя қилиш учун масъулият туйғуларини чуқур сингдириш ҳамда Ихтисослаштирилган ўқув марказида яратилган шароитлар билан таништиришдан иборат бўлди.
Тадбир Давлат мадхиясини ижро этишдан бошланди, Марказ бошлиғи полковник Х.Дадабоев сўзга чиқиб иштирокчиларга марказда яратилган шароитлар ҳамда 14 январь “Ватан ҳимоячилари куни” муносабати билан Қуролли Кучлар ташкил топиши ва ривожланиш тарихи ҳақида сўзлаб берди. Шундан сўнг иштирокчиларга Миллий гвардия фаолияти тўғрисида фильм намойиш қилинди.
Тадбирнинг иккинчи қисмида ўқувчи-ёшлар Марказ фаолияти, ўқув синфлари, кутубхона, тоғ тайёргарлиги майдони, қурол-яроғ кўргазмаси ва компютерлаштирилган ўқ отиш тренажер синфи билан яқиндан танишиб, кўплаб маълумотларга эга бўлдилар.
Яшнобод туман ёшлари Ўқув марказида ҳарбий хизматчиларга яратилган шароитлар, яшаш, овқатланиш ва ўқиш ҳамда дам олиш учун яратилган имкониятлар билан яқиндан танишишди. Тадбир сўнгида ёшлар Темурбеклар мактабига ўқишга кириш учун имтихон топширишга ҳаракат қилишларини айтиб, ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.