Болгариянинг София шаҳрида нуфузли Странджа турнири бўлиб ўтди ва унда Миллий гвардия ҳарбий хизматчиси Навбаҳор Ҳамидова олтин медални қўлга киритди.
Мазкур мусобақада иштирок этган Ўзбекистон терма жамоаси эркаклар ва аёллар ўртасида умумжамоа ҳисобида 1-ўринни эгаллаб, яна бир бор энг кучли жамоа эканини намоён этди. Эркаклар 3 та олтин, 2 та кумуш ва 4 та бронза медаль билан, аёллар эса 4 та олтин, 2 та кумуш ва 2 та бронза билан пешқадам бўлишди. Умумжамоа ҳисобида иккинчи ўрин Қозоғистонга, учинчи ўрин Украина жамоасига насиб этди.
Айниқса, -65 кг вазнда Миллий гвардия ҳарбий хизматчиси Навбаҳор Ҳамидова муносиб иштирок этди. У финалда қозоғистонлик рақибаси Лаура Есенкелди устидан 5:0 ҳисобида ишончли ғалаба қозониб, чемпионликни қўлга киритди.
Миллий гвардия қўмондонлиги ва шахсий таркиби номидан Навбаҳор Ҳамидовани ушбу юксак ютуқ билан самимий муборакбод этиб, келгуси мусобақаларда ҳам улкан зафарлар тилаймиз.