Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси ҳарбий хизматчилари, Ҳиндистон Миллий хавфсизлик гвардияси “Манесар” ўқув марказида ташкиллаштирилган “Портловчи моддаларни зарарсизлантириш” бўйича ўқув йиғинида иштирок этган давлатлар ўртасида ўтказилган мусобақада биринчи ўринни эгаллашди.
Халқаро ҳарбий ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш ва махсус бўлинмаларда сунъий интеллект, робот ва дронлар ҳамда уларга қарши воситаларининг замонавий усулларини такомиллаштириб бориш, шунингдек махсус бўлинмаларда хизмат қилиш нуфузини ошириш каби мақсадларда жорий йилнинг 17-29 март кунлари Ҳиндистон Миллий хавфсизлик гвардияси “Манесар” ўқув марказида Непал, Мозамбик, Ҳиндистон ва Ўзбекистон ҳарбийлари иштирокида “Портловчи моддаларни зарарсизлантириш” бўйича ўқув йиғини бўлиб ўтди.
Мазкур ўқув йиғинида иштирок этган давлатларнинг ҳарбий хизматчилари ўртасида 27-29 март куни ташкиллаштирилган ўзаро мусобақада, жисмоний ва махсус тайёргарлик синовлари хусусан, портловчи моддаларни аниқлаш ва уларни зарарсизлантириш, аниқланган портловчи моддалар хусусиятларини тушунтириб бериш, қўл жанги усулларини бажариш, қўлбола портловчи моддаларни вақтга бажариш, 5 км масофага 10 кг юк билан югуриш ва 26 элементдан иборат жисмоний ва руҳий зўриқиш йўлагидан ўтиш каби шартларни муваффақиятли бажарган Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари ғолибликни қўлга киритишди.
Ўзбекистон ҳарбийларининг ўқув йиғинидаги иштироки ва ўтказилган мусобақада эришган натижалари ташкилотчилар томонидан юқори баҳоланиб, улар тадбир сўнгида муносиб рағбатлантирилди.
Жорий йилнинг 30 март куни эса ҳарбий хизматчиларимиз катта лейтенант З.Мухаммаджанов, лейтенант Ж.Неъматов ва 3-даражали сержант А.Аҳмедовлар Миллий гвардия қўмондонлиги, сафдошлари ва яқинлари иштирокида Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида тантанали равишда кутиб олиндилар.