“Элни – ё полвони, ё оти танитади!”
Сурхон воҳасида азалдан йилқичилик яхши ривожланган, хонадонларда Қорабайир зотли отларни боқишга аҳолининг қизиқиши катта. Юртимизда кенг тадбиқ этилаётган замонавий от спорт турларини аҳоли ўртасида оммалаштириш, ёшларни тулпорларга бўлган меҳрини ошириш учун эса воҳалик чавондозларнинг тавсия ва кўмаклари жуда муҳим. Айни шу мақсадда, Миллий гвардия Сурхондарё вилояти Қўриқлаш бошқармаси ходимлари томонидан ҳудудлардаги номдор чобоғонларнинг фаолияти ўрганилиб, ёшларга намуна қилиб кўрсатилмоқда. Сурхондарё вилояти Жарқўрғон тумани “Боботоғ” маҳалласида яшовчи “Абду” чобоғонни юртдошларимиз жуда яхши танийди. Асл исми Абдумурот Шойимов бўлган чавондоз фарзандлари билан биргаликда, мана бир неча йилдан буён қорабайир зотли отларни кўпайтириш, уларни улоқ-кўпкари мусобақаларига тайёрлаш билан шуғулланиб келади. – Бугун Миллий гвардия ходимлари бир гуруҳ ёшлар билан хонадонимизга келганидан янада руҳландим – дейди, “Абду” чобоғоннинг ўғли Суннатилло Тоғаймуродов. – Маҳалладаги ушмаган ёшларнинг, отни парваришлаш, уни минишга бўлган иштиёқи менга катта таассурот қолдирди. Ҳозирда хонадонимизда қорабайир зотли 5 бош катта улоқчи отлар ҳамда 2 бош тойимиз мавжуд. Оиламиз билан мана шу отларга меҳр берганмиз. “От – эр йигитнинг қаноти” деб бежизга айтишмайди. Албатта, отнинг хусусиятлари кўп, уни минишда эса кишида мардлик ва чапдастлик талаб этилади.
Тадбир давомида ходимлар, Президентимизнинг "Йилқичилик ва от спортини янада ривожлантириш ҳамда замонавий бешкураш ва поло спорт турини оммалаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Қарори мазмун-моҳиятини тушунтиришди. Чавондозлар билан ҳамкорликда, туманда от спортига ихтисослашган секцияларни ташкил этиш, унда ўғил-қизларни жалб этиш борасидаги ишлар келишиб олинди.