ФАРҒОНА ВИЛОЯТИДА “ЭНГ ЯХШИ КИНОЛОГ” МУСОБАҚАСИ ТАШКИЛ ЭТИЛДИ
Ҳарбий хизматчилар ўртасида соғлом рақобат муҳитини шакллантириш ва ўзаро тажриба алмашишлари учун шароит яратиш мақсадида Миллий гвардия Фарғона вилояти бўйича бошқармасида мутахассис кинологлар ўртасида "Энг яхши кинолог" мусобақаси ўтказилди.
Мусобақада Фарғона вилояти бўйича бошқармаси, Қўқон шаҳрида жойлашган ҳарбий қисм ҳамда Қўриқлаш бошқармасидан жами 6 нафар иштирокчи қатнашди.
Мина қидириш йўналиши бўйича тўсиқларни ошиб ўтиш, яширилган моддани топиш ҳамда тинтув ўтказиш шартларида кинологлар билан бирга хизмат итларининг ҳам ўзига юклатилган вазифани қай даражада уддалаши синовдан ўтказилди.
Барча иштирокчилар ғолиблик учун астойдил ҳаракат қилиб, қанчалик эпчил ва чаққон эканликларини амалда кўрсатишди.
Якуний натижаларга кўра ғолиб ва совриндорлар медаль ва дипломлар билан тақдирланди.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Миллий гвардия тизимида кинология хизмати фаолиятини такомиллаштириш ва самарадорлигини янада ошириш мақсадида доимий равишда давра суҳбатлари, ўқув ва амалий семинарлар ташкил этилмоқда.