Куч тузилмаларининг мутахассис-кинологлари ўртасида ҳар йили ўтказилиши анъанага айланган “Дог биатлони” беллашувининг 5-Республика идоралараро мусобақаси бўлиб ўтди.
Жорий йилнинг 5-8 май кунлари Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳрида жойлашган Мудофаа вазирлигининг Мутахассис ва хизмат итларини тайёрлаш марказида бўлиб ўтган мазкур мусобақада Миллий гвардия, Давлат хавфсизлиги хизмати Чегара қўшинлари, Мудофаа ва Ички ишлар вазирликлари, Божхона қўмитасининг 12 та терма жамоаларининг 44 нафар мутахассис-кинологлари ўзларига бириктирилган хизмат итлари билан иштирок этишди.
Учу кун давом этган мусобақа биринчи кундан юқори савияда бошланиб, дастлаб мусобақанинг расмий қуръа ташлаш маросимига кўра, дала синовларидаги илк беллашувни Миллий гвардия терма жамоасининг мутахассис-кинологи ўзига бириктирилган “Шерхон” лақабли шарқий Европа овчаркасига мансуб хизмат ити билан биргаликда бошлаб берди.
Беллашувнинг иккинчи кунида Миллий гвардия терма жамоаси кинологлари 300 метр масофага хизмат ити билан тўсиқлардан ўтган ҳолда югуриш шартларини 1 дақиқа-ю 10 сонияда бажариб, ўзларининг тезкорлигини кўрсатишди.
Мусобақанинг финал босқичида иштирокчилар эстафета пойгасида бир қатор шартларни бажарган ҳолда 1600 м масофада жамоалар бўлиб беллашдилар. Ушбу жамоалар орасида Миллий гвардия терма жамоаси 19 дақиқа-ю 10 сонияда етиб келиб, терма жамоа ҳисобига юқори натижаларни қўшишди.
Шартлар ўзига хос бўлиб, эстафета шартида эса масофанинг ярми босиб ўтилгач, кинологлар биатлон қуролидан фойдаланиб, уларга биринчи уринишда 50 метр масофадан 5 та нишонга уриш вазифаси юклатилди. Теккизилмаган ҳар бир нишон учун кинологга қўшимча 100 метрлик жарима йўлаклари қўшилди.
Иштирокчилар ҳар бир шартларни тез ва аниқ бажарганликлари учун жамоалар ҳисобига ҳакамлар томонидан баллар қайд этиб борилди.
Дог биатлон беллашувининг якуний натижаларига кўра, умумжамоа ҳисобида Мудофаа вазирлиги жамоасига 1-ўрин насиб этди. 2-ўринга Миллий гвардия Жамоат хавфсизлиги университети жамоаси сазовор бўлишди. 3-ўринни Миллий гвардия терма жамоаси эгаллашди.
Шунингдек, аёллар жамоалари ўртасида кечган баҳсларда бизнинг аёл кинологларимиз 2-ўринга муносиб деб топилди.
Совринли ўринларни эгаллаган жамоалар ташкилотчилар томонидан кубок, медаль, диплом ва қимматбаҳо совғалар билан муносиб тақдирландилар.
Таъкидлаб ўтишимиз керакки, ушбу ўтказилган мусобақа кинологларнинг билим ва кўникмаларини оширишда, уларнинг касбий маҳоратини баҳолашда, республика ва халқаро мусобақаларда иштирок этишида, ўзаро бир-бирлари билан амалий тажриба орттириш майдони вазифасини ўтаб берди.