Мадҳиянг янграйверсин, жонажон юртим!
1992 йил 10 декабрь “Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинган кун. Фарғона вилояти Миллий гвардия бошқармасида сана муносабати билан тадбир ташкил этилди. Унда сўз олганлар мадҳиямиз давлат суверенитетининг рамзи, унга катта эҳтиром билан қараш ҳар бир юртдошимизнинг ватанпарварлик бурчидир деб белгилаб қўйилганлигини таъкидлашди.
Давлат мадҳиясининг муаллифи Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Арипов бўлиб, мусиқасини Ўзбекистон халқ артисти, атоқли бастакор Мутал Бурхонов басталаган. Мадҳияда халқимизнинг эзгу орзу-умидлари, келажакка мустаҳкам ишончи теран ифодаланган. Унда мардона ва шарафларга бой ўтмишимиз, миллий анъана ва қадриятларимиз, тинчлик, осойишталик, миллатлараро тотувлик ва биродарлик каби умуминсоний туйғулар тараннум этилган.