Маҳаллаларда хавфсиз муҳитни яратишга қаратилган чора-тадбирлар олиб борилмоқда
Миллий гвардия Жамоат хавфсизлиги университети раҳбарияти бошчилигидаги профессор-ўқитувчилардан иборат ишчи гуруҳ томонидан Фарғона вилоятининг Учкўприк туманидаги уч йилдан буён “қизил” тоифада бўлиб келаётган “Учкўприк” маҳалласида “Маҳаллада хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш самарадорлигини таъминлашнинг долзарб масалалари” мавзусида жиноятчиликни жиловлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ҳамда ижтимоий профилактика тадбирлари ўтказилди.
Мазкур тадбирда Миллий гвардия, туман ҳокимлиги, прокуратура, ички ишлар бўлими ходимлари, маҳалла еттилиги ҳамда маҳалла фаоллари иштирок этди. Унда маҳаллада жиноятчиликнинг олдини олиш борасида 1-чорак давомида амалга оширилган ишлар, жиноятчилик таҳлили, ҳудуддаги ижтимоий-иқтисодий муаммолар ҳамда ижтимоий-профилактика тизимидаги камчиликлар кўриб чиқилди. Шунингдек, 2026 йил 2-чоракда амалга оширилиши лозим бўлган устувор вазифалар белгилаб олиниб, тегишли топшириқлар берилди.
Ўрганишлар давомида ҳудудга бириктирилган масъулларга Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 27 январдаги “Тошкент шаҳрида хавфсиз муҳитни шакллантириш ҳамда жамоат хавфсизлигини самарали таъминлаш бўйича намунавий амалиётни яратиш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилиши”да белгиланган вазифалар ижроси юзасидан тушунтиришлар берилди. Шунингдек, 2026 йил 5 январда қабул қилинган “Республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш йўналишида яхлит, манзилли ишлаш тизимини жорий этишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-1-сон ҳамда “2026 йилда республика маҳаллаларида жиноятчиликни барвақт профилактика қилиш самарадорлигини янада ошириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-2-сон қарорларининг мазмун-моҳияти тушунтирилди.
Маҳалладаги мавжуд муаммолар атрофлича ўрганилиб, уларни бартараф этиш юзасидан илмий ёндашувлар асосида манзилли таклиф ва тавсиялар берилди. Бундан ташқари, Жамоат хавфсизлиги университети профессор-ўқитувчилари томонидан тайёрланган “Яширин иқтисодиётга қарши курашиш”, “Кибержиноятчиликка қарши курашиш”, “Наркожиноятчиликка қарши курашиш” мавзуларидаги буклет ва флаерлар, ижтимоий сўровномалар ҳамда видеороликлар маҳалла аҳолиси ўртасида кенг тарғиб қилинди.