Миллий гвардия қўмондони Қуролли Кучлар миқёсида ўтказилган “Энг илғор мутахассис” кўрик танлови ғолиблари ҳамда “Тўмарис” издошларини муносиб рағбатлантирди
Қуролли Кучлар миқёсида ўтказилган “Энг илғор мутахассис” кўрик танлови ғолиблари ҳамда “Тўмарис” издошларини тақдирлашга бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
Мазкур тадбирда Миллий гвардия қўмондонлиги, тизим фахрийлари ҳарбий хизматчи ва ходимлар, курсантлар ҳамда Темурбеклар мактаби ўқувчилари иштирок этишди.
Миллий гвардия қўмондони генерал-майор Р.Джураев кириш сўзида Давлатимиз раҳбари томонидан Миллий армиямизнинг чинакам куч-қудратини белгилаб берадиган қўрқмас ва довюрак ҳарбийларимиз қалбида жанговар руҳни ошириш, уларни ҳар қандай қийинчилик ва синовга чидамли ва матонатли этиб тарбиялашга алоҳида эътибор қаратилаётганлигини мазмун моҳиятини тушунтириб ўтди.
Шунингдек, Миллий гвардия тизимида ҳам ўтган қисқа давр мобайнида жанговар бўлинмаларимизнинг профессионал тайёргарлигини юксалтириш, ҳарбий хизматчиларнинг жисмоний ва руҳий шайлигини мустаҳкамлаш ишларига алоҳида эътибор қаратилгани таъкидланди.
Хусусан, мавжуд дастурлар такомиллаштирилиб, ностандарт вазиятларда тезкор қарор қабул қилиш ва таҳдидларни самарали бартараф этиш борасида хорижий ҳамкорларимиз билан тажриба алмашиб, амалий машғулотларни реал вазиятларга яқин шароитларда ўтказилиши йўлга қўйилди. Олиб борилган тизимли ишлар натижасида Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари ўзларининг юқори профессионал маҳоратларини намоён этиб кетаётганлигига урғу берилди.
Бунинг яққол мисолида сифатида Қуролли Кучлар миқёсида ўтказилган “Энг илғор мутахассис” кўрик танловида Миллий гвардия ҳарбий хизматчиларининг фаол иштироки ва юқори натижаларни қайд этганлиги эътироф этилди.
2023 йил якунида Қуролли Кучлар миқёсида ўтказилган “Энг илғор мутахассис” кўрик танловида “Энг илғор батальон командири”, “Энг илғор взвод командири” ва “Энг илғор гуруҳ командири” номинацияларида ғолиб бўлган ҳарбий хизматчилар муносиб рағбатлантирилиб, ушбу ҳарбий хизматчилар барча сафдошларимизга намуна бўлиши таъкидланди.
Шунингдек, Миллий гвардия нуфузи ва жанговар қудратини юксалишида эркак ҳарбий хизматчилар билан бир қаторда елкама-елка хизмат қилаётган аёл ҳарбий хизматчиларнинг меҳнати беқиёс эканлигига алоҳида урғу берилди.
Ўтган йили илк бор фахрий қоровул сафларига аёл ҳарбий хизматчилар жалб этилгани бу эса кенг жамоатчилик ва давлатимизга ташриф буюрган хорижий делегациялар томонидан эътироф этилгани фахр билан ёдга олинди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 15 ноябрдаги 422-сонли қарорларига мувофиқ аёл ҳарбий хизматчи ва ходималарни хизматларини муносиб рағбатлантириш ҳамда уларни қўллаб-қувватлаш мақсадида “Тўмарис” кўкрак нишони таъсис этилгани ва мазкур мукофот билан Давлатимиз мустақиллигини ҳимоя қилишда матонат кўрсатган, Қуролли Кучлар барпо этишга салмоқли ҳисса қўшган, ҳарбий бурчига садоқатни намоён этган шунингдек спорт, адабиёт, маданият, фан ва таълим соҳаларида алоҳида ютуқларга эришган аёл ҳарбий хизматчи ва ходимлари тақдирланиши белгилаб берилган.
Шу муносабат билан,Юртимиз тинчлиги ва равнақи йўлида машаққатли ва шарафли хизматга бел боғлаган ҳарбий хизматчи ва ходимларнинг бир гуруҳини муносиб рағбатлантириш учун Миллий гвардия қўмондони буйруғи ўқиб эшиттирилди ва “Тўмарис” кўкрак нишонлари ўз эгаларига топширилди.
Манашундай ютуққа эришган ҳарбий хизматчи ва ходимлар, сафдошлари ва ёш авлод учун намуна эканлиги тадбирда алоҳида таъкидлаб ўтилди.