Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари ўртасида от спортининг поло тури бўйича "Миллий гвардия кубоги" мусобақаси бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 33 йиллиги ҳамда 14-январь – Ватан ҳимоячилари кунига бағишланган мусобақанинг расмий қуръа ташлаш маросимидан сўнг, жамоалар қизғин ва шиддатли баҳсларда беллашиш учун катта майдонга тушишди. Мусобақа давомида ҳарбий чавандозлар ўзларининг эпчиллиги, тезкорлиги ва моҳирона отда ҳаракатланишини намоён этишди.
Баҳслар мусобақа қоидаларига мувофиқ олиб борилиб, ҳар бир ўйин 7 дақиқадан иборат бўлди ва 3 бўлимни ташкил этди.
Мусобақага янада кўтаринки кайфият улашиш мақсадида Миллий гвардия Кавалерия эскадрони чавандозлари от спортининг тентпеггинг ва от устида жигитовка элементларини, Жамоат хавфсизлиги университети курсантлари эса қўл жанги бўйича кўргазмали чиқишлар қилишди.
Якуний натижаларга кўра, биринчи ўринни Миллий гвардия терма жамоаси қўлга киритиб, мусобақанинг мутлақ ғолибига айланди. Иккинчи ўринни эса Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари жамоаси эгаллаган бўлса, учинчи ўрин Мудофаа вазирлиги жамоасига насиб этди.
Ғолиб жамоалар ташкилотчилар томонидан кубок, медаль, диплом ва эсдалик совғалари билан муносиб тақдирландилар.