Миллий гвардия тизимида хизмат қилаётган кавалерия бўлинмалари мутахассислари учун от спорти бўйича ўқув-машғулот йиғини бўлиб ўтмоқда
Миллий гвардия тизимида хизмат қилаётган кавалерия бўлинмалари – ҳарбий соҳадаги масъулиятли ва ўзига хос йўналишлардан бири саналади. Бу бўлинмаларда хизмат қилаётган мутахассислар нафақат юқори жисмоний тайёргарликка, балки хизмат отлари билан ишлашда чуқур билим ва малакага эга бўлишлари лозим. Шу боисдан Миллий гвардия тизимида хизмат қилаётган кавалерия бўлинмалари мутахассислари учун от спорти бўйича ўқув-машғулот йиғларини бўлиб ўтмоқда.
Мазкур ўқув-машғулоти бошқа анъанавий йиғинлардан тубдан фарқ қилади. Унинг ўзига хос жиҳати шундаки, бу сафар машғулотлар халқаро тажрибага эга, от спорти соҳасида катта ютуқларга эришган франциялик Оливер Биллаунд иштирокида ўтказилмоқда. У нафақат назарий билимларни, балки амалий кўникмаларни ҳам ўргатиб, иштирокчиларга жаҳон тажрибасидан намуналар асосида сабоқ бермоқда.
Малакали мутахассиснинг машғулотларга жалб этилиши Миллий гвардия кавалерия бўлинмалари учун катта имконият бўлиб, бу орқали ҳарбий хизматчилар замонавий ёндашувлар, отлар билан ишлашдаги илғор техника ва методикаларни чуқур ўзлаштириш имконига эга бўлмоқдалар. Бу эса келгусида хизмат самарадорлигини оширишда муҳим ўрин тутади.
Шунингдек, Миллий гвардия От спорти бўйича республика олий спорт маҳорати ҳамда Тошкент шаҳар Чавандозлар мактаблари ва Миллий гвардия Кавалерия эскадронининг мутахассислари томонидан машғулотлар давомида ҳарбий хизматчиларга отда юриш техникаси, жанговар ҳолатларда тезкорлик билан ҳаракатланиш, шунингдек, отларнинг ҳарбий хизматга тайёргарлиги, уларни парваришлаш, ветеринария назорати, отларни тақалаш, рацион асосида овқатлантириш, шароитга мос ҳолда жисмоний юклама бериш каби йўналишлар бўйича зарур тавсиялар берилди.
Машғулотлар ҳарбий хизматчиларнинг жанговар тайёргарлиги, отлар билан ишлаш кўникмасини янада ошириш, шунингдек, тезкорлик, мувофиқлик ва жамоавий ҳаракатни мустаҳкамлашдан иборат бўлди. Кавалерия бўлинмаларининг ўзига хос жиҳатлари ва тактик имкониятларидан келиб чиққан ҳолда, улар билан олиб борилган машғулотлар нафақат назарий, балки реал шароитларга яқин ҳолатда ташкил этилди.