Миллий гвардия фаолиятини тараннум этувчи “Энг яхши шеър” танловининг Республика босқичи ғолиблари тақдирланди
Миллий гвардия фаолиятини бадиий сўз орқали кенг тарғиб этиш, ҳарбий хизматчиларнинг жасорати, фидойилиги ва Ватанга садоқатини шеърият воситасида тараннум этиш ҳамда ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш мақсадида ўтказилган “Энг яхши шеър” танловининг Республика босқичи якунланди.
Танловнинг ҳудудий босқичларида саралаб олинган энг сара ижодий ишлар Республика босқичида ўзаро беллашди. Унда нафақат Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари, балки юртимизнинг турли ҳудудларидан ташриф буюрган ижодкор фуқаролар ҳам фаол иштирок этди.
Танловда иштирок этган шеърлар Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вакиллари, таниқли шоир ва адиблар ҳамда Миллий гвардия раҳбарияти вакилларидан иборат малакали ҳакамлар ҳайъати томонидан ғоявий мазмуни, Ватанга муҳаббат ва ватанпарварлик руҳининг ифодаси, бадиий маҳорати, мавзунинг тўлиқ ёритилгани ҳамда ижодий ёндашув мезонлари асосида холис баҳоланди.
Якуний натижаларга кўра, танлов ғолиблари ҳарбий хизматчилар ва фуқаролар йўналишлари бўйича алоҳида баҳоланиб, қуйидаги ўринларни эгаллади.
Ҳарбий хизматчилар ўртасида:
🥇 1-ўрин – Ихтисослаштирилган ўқув маркази хизматчиси Джаббаров А. – "Миллий гвардиянинг ўғлонларимиз" шеъри билан;
🥈 2-ўрин – Тошкент вилояти бўйича МҲХ оддий аскари Абдуғаниев К. – "Гвардиячиларсиз" шеъри билан;
🥉 3-ўрин – Жамоат хавфсизлиги университети лейтенанти Бахтиёров Ф. – "Миллий гвардия" шеъри билан.
Фуқаролар ўртасида:
🥇 1-ўрин – Фарғона вилоятидан Тўхтасинов А. – "Миллий гвардия" шеъри билан;
🥈 2-ўрин – Жиззах вилоятидан Қўйлонова Н. – "Миллий гвардия" шеъри билан;
🥉 3-ўрин – Миллий гвардия Тошкент шаҳар бошқармаси вакили Рустамов А. – "Бурч" шеъри билан.
Танлов якунида ғолиблар тантанали равишда тақдирланди. Ҳарбий хизматчилар диплом ҳамда пул мукофотлари билан, фуқаролар эса диплом ва китоблар тўплами билан рағбатлантирилди. Мазкур танлов Миллий гвардия ва ижод аҳли ўртасидаги маънавий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, Ватанга садоқат, халқ манфаатларига фидойилик, тинчлик ва осойишталик ғояларини бадиий ижод орқали кенг тарғиб этиш, шунингдек, истеъдодли ижодкорларни қўллаб-қувватлашга хизмат қилмоқда.