Миллий гвардия Ихтисослаштирилган ўқув марказида навбатдаги тингловчилар учун сертификат топшириш маросими бўлиб ўтди.
Ушбу ўқув курси давомида тингловчиларга марказнинг юқори малакали ўқитувчилари томонидан ҳарбий хизматга оид бир қатор муҳим йўналишларда чуқурлаштирилган назарий ва амалий билимлар берилди. Хусусан, ўқ отиш, баландликни ишғол қилиш, жисмоний ва руҳий тайёргарлик, алоқа, разведка, махсус тактик тайёргарлик, моддий-техник таъминот, муҳандислик ва тактик тиббий тайёргарлик, шунингдек, учувчисиз учадиган аппаратлар билан ишлаш каби фанлар бўйича машғулотлар олиб борилди.
Машғулотлар замонавий техник воситалар ва илғор методикалардан фойдаланган ҳолда, реал хизмат шароитларига яқинлаштирилган тарзда ташкил этилди. Бу эса тингловчиларга ўз мутахассисликлари бўйича зарур назарий билимларни чуқур ўзлаштириш ва амалий кўникмаларни мустаҳкамлаш имконини берди.
Битирувчилар ушбу ўқув курси орқали хизмат фаолиятида учрайдиган мураккаб вазиятларда тўғри ва тезкор қарорлар қабул қилиш, жамоада ишлаш, мустақил фикрлаш ҳамда юқори даражадаги профессионал тайёргарлик даражасини намоён эта олиш каби муҳим жиҳатлар бўйича тайёр бўлдилар.
Тадбир якунида ўқув марказини муваффақиятли тамомлаган тингловчиларга сертификатлар тантанали равишда топширилди.