Қорақалпоғистон Республикаси куч тузулмалари ҳарбий хизматчи ва ходимлари шунингдек,уларнинг оила аъзоларини ижтимоий ҳимоясига қаратилган "Қонун устуворлиги ҳамда инсон манфаатларини таъминлаш - юрт тараққиёти ва халқ фаровонлигининг гарови" шиори остида оммавий сайёр қабули ўтказилди.
Юртимизда халқ билан очиқ мулоқот қилиш, аҳолининг талаб ва таклифларини ўрганиш, уларнинг дардларини тинглаш, муаммоларни имкон даражасида жойида ҳал этиш давлат органларининг муҳим вазифаларидан бири ҳисобланади.
Бугунги кунда барча давлат идоралари фаолиятида аҳолининг мурожаатлари билан ишлаш бўйича сифат жиҳатидан мутлақо янги тизим яратилди.
Шунингдек, халқ билан мулоқот қилиш, юртдошларимизни ўйлантираётган, кези келганда қийнаётган дарду муаммоларига қулоқ тутиш бугун давлат идоралари фаолиятининг бош мезонига айланди.
Шу билан бир қаторда, Қуролли Кучларда ҳарбий хизматчиларнинг кафолатланган ижтимоий ҳимояси, ҳуқуқ ва манфаатларини сўзсиз таъминлашда "Инсон қадри учун" тамойилига изчил риоя этилмоқда.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий прокуратураси томонидан Қуролли Кучлар барча вазирлик ва идоралари билан ҳамкорликда 2023 йил 24 февраль куни Нукус гарнизони Маънавият ва маърифат маркази биносида гарнизондаги ҳарбий қисм ва муассасалар ҳарбий хизматчилари, уларнинг оила аъзолари, ҳарбий пенсионерлар ва фуқаролар иштирокида оммавий сайёр қабул ўтказилди.
Жумладан, Сайёр қабулда Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий прокурорининг ўринбосари адлия подполковниги Қ.А.Исроилов, Мудофаа вазирининг ўринбосари генерал-майор Қаршиев Ҳамдам Алиқулович, Миллий гвардия қўмондонининг ўринбосари полковник Мамаюсупов Сарвар Дехқонович ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Халқ қабулхонаси раҳбарияти ва Қорақалпоғистон Республикасидаги бошқа мутасадди ташкилотлар, прокуратура, ички ишлар, банк, мактабгача ва мактаб таълими, соғлиқни сақлаш, бандлик бошқармалари, коммунал соҳа ва бошқа ташкилот масъуллари қатнашди.
Оммавий сайёр қабулга Қорақалпоғистон Республикаси туман (шаҳар)ларида жойлашган ҳарбий қисм ва муассасалардан жами 350 нафардан ортиқ ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари, фахрийлар ва бошқа фуқаролар ўзларини қийнаётган муаммолари билан мутасаддиларга мурожаат қилди.
Қабул жараёнида 154 нафар фуқаролардан 159 та мурожаатлар келиб тушиб, шундан 61 таси жойида ижобий ҳал қилинди, 38 та мурожаат юзасидан тушунтиришлар берилди ҳамда 60 та мурожаат ижроси алоҳида назоратга олинди.
Шунингдек, оммавий сайёр қабул давомида ҳарбий хизматчилар ва Қуролли Кучлар хизматчиларининг ногиронлиги бўлган фарзандлари учун ногирон аравачаси, юриш мосламалари берилди.
Бундан ташқари, қабулнинг иккинчи қисмида Нукус гарнизонидаги ҳарбий қисмга "Жасорат мактаби" ўқув-йиғинига жалб қилинган Қорақалпоғистон Республикасининг туман (шаҳар)ларида яшовчи 100 нафар профилактик ҳисобда турган ёшлари билан ҳам учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда Қуролли Кучлар ҳамда суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, ёшларимиз учун яратилаётган шарт-шароитлар ҳақида тушунчалар берилди.
Тадбир давомида ёшлар ўзларини қизиқтирган саволларига батафсил жавоб олишди.