Пойтахтдаги «Dream Park» истироҳат боғига ташриф буюрган шахсда гиёҳванд моддалар борлиги аниқланди
Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари Чилонзор туманида жойлашган «Dream Park» кўнгилочар боғи ҳудудида патруллик қилиш чоғида чекаётган эркакни пайқаб қолганлар. Ҳарбий хизматчиларнинг чекиш учун мўлжалланмаган жамоат жойларида чекишни тақиқлаш ҳақидаги огоҳлантиришларига эркак ҳеч қандай муносабат билдирмаган. Шу билан бирга, тутун ҳиди ўзига хос бўлган. Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари холислар иштирокида тинтув ўтказиш чоғида эркакдан кичик қоғоз ўрамини топиб, унинг ичида ўзига хос ҳидга эга яшил рангли кукунли модда борлигини аниқлашган. Эркак қўлга олинган ва энг яқин ички ишлар бўлимига олиб келиниб, шахси аниқланганда 39 ёшли Я.A. эканлиги маълум бўлган. Ҳозирда ички ишлар органлари томонидан терговга қадар текширув ўтказилмоқда.